Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган адиб ижодий меросини ўрганиш ва уни ёшларга етказиш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз шу йил 12-13 июнь кунлари Фарғонага ташрифи давомида берган топшириқлари асосида бундан буён ҳар йили 25-27 декабрь кунлари Фарғонада Эркин Воҳидов таваллуд айёмига бағишланган Адабиёт кунларининг ўтказиладиган бўлди, деб хабар бермоқда "Халқ сўзи" нашри.

Адабиёт кунлари дастлаб шу йилнинг 25 декабрь куни Ҳўқанди латифда кенг нишонланди. “Эркин Воҳидов кунлари” доирасидаги тадбирларнинг иккинчи кунида ижодкорлар Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғида дастлаб шоир ҳайкали пойига гул қўйди. Ижодкорлар Эркин Воҳидов номидаги боғ, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Фарғона филиалининг янги биноси, шоирнинг мемориал музейи, мажмуа таркибидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат билан танишдилар. Адабиёт байрами иштирокчилари тадбир аввалида шоир ижодидан намуналар ва расмлар кўргазмасини кўздан кечирдилар.

- Эркин Воҳидов Республикамиз ёшларининг биринчи журнали “Ёшлик”нинг асосчиси, – дейди , “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр. – У рус шоири Сергей Есениннинг шеърларини ҳам буюк маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган. Шоир инсон руҳиятининг нозик ва илғаш мушкул манзараларини таъсирчан акс эттиради. Одамни комил кўрмоқ истаги унинг шеърлари асосини ташкил қилади.
Адабий тадбирдан сўнг Фарғона давлат университетида шоир адабий меросига бағишланган илмий-анжуман бўлиб ўтди.






