Тошкент кичик ҳалқа йўли бўйлаб “Ватанпарварлик” марафони бўлиб ўтди. 12-15 километр масофани ташкил этган марафон Crafers қандолат фабрикасидан бошланиб, Тошкент Жанубий вокзали олдида якунланди.
Мазкур марафон Президентимизнинг 2018 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси ва Ватанпарварлик ойлиги доирасида Тошкент ҳарбий округи томонидан ташкил этилди.
Унда мамлакат Қуролли Кучларига тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, ўқувчи-ёшлар ва фуқаролар иштирок этди. Марафонда жами 400 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Соғломлаштириш акциясида югурганлар ичида энг ёш иштирокчи 15 ёшли Алихон Аҳмадов, энг каттаси 72 ёшли Марат Авазов бўлди.
Таъкидлаш керакки, мазкур акция ҳарбий хизматчилар томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи тарзида ўтказилиб, ёшларга ўрнак сифатида намойиш этилди.
Марафон шоҳсупасининг барча поғонасидан Тошкент ҳарбий округи вакиллари – Владислав Мамедов, Андрей Куликов ва Бунёд Муҳитдинов жой олди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ғолиб ва совриндорлар Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Crafers қандолат фабрикаси томонидан медаль, диплом ва телевизорлар билан тақдирланди.
Тадбир якунида марафон акцияси ватанпарварлик фестивалига уланиб кетди. Унда ҳарбий хизматчилар ёшларга саф ва қўл жанги элементларини намойиш этди. Ҳарбий санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбир иштирокчилари кайфиятини кўтарди.








