Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати маълумотига кўра, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг тегишли таълим йўналишларига (фанлар мажмуаси мос бўлган) ҳужжат топшириб, тест синовлари натижасига кўра ўқишга тавсия этилмаган, бироқ тўплаган баллари 68,0 балл (тўлов-контракт учун 56,7 балл) ва ундан юқори бўлган абитуриентлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасининг олис – Кегейли, Қораўзак ҳамда Тахтакўпир туманларида доимий яшаётган 50 нафар абитуриентлар (25 нафардан давлат гранти ва тўлов-контракт асосида) тегишли тиббиёт таълим йўналишларига талабаликка қабул қилинди.
Шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига (фанлар мажмуаси мос ва турдош бўлган) ҳужжат топшириб, тест синовлари натижасига кўра ўқишга тавсия этилмаган, бироқ тўплаган баллари истисно тариқасида 56,7 балл ва ундан юқори бўлган абитуриентлар ҳисобидан Мўйноқ туманида доимий яшаётган 25 нафар абитуриентлар Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг тегишли тиббиёт таълим йўналишларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.






