Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Ушбу масала юзасидан маъруза қилган ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Д.Назармуҳамедов жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қилинаётган амалий ишларга тўхталди.
Хусусан, оилалардаги маиший ва мулкий турдаги низоларни ҳал этиш мақсадида 26 минг 89 низоли оиланинг рўйхати тузилиб, шундан қарийб 21 мингининг нотинчлигига барҳам берилди. 8 минг 965 оиланинг ажралиб кетиши олди олинди. Соғлом ижтимоий турмуш тарзига қайтган 11 минг 689 оила профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Натижада 2017 йил якунига кўра юқорида қайд этилганидек, қотилликларнинг 60 фоизи қариндошлар ўртасида содир этилган бўлса, 2018 йилнинг 11 ойи мобайнида ўзаро низоли қариндошларни яраштириш чоралари кўрилган. Улар ўртасида содир этилган қотилликлар – оила-турмуш доирасидаги қотилликларнинг 41,3 фоизини ташкил этиб, улуши 20 фоизга камайди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган 3 минг 402 нафар вояга етмаганлар ва 55 минг 164 нафар ёшлар билан амалга оширилаётган ишлар давомида уларнинг 4 мингдан ортиғи ўқишга қайтарилди. 4 344 нафари спорт, 3 914 нафари факультатив тўгаракларга, 1 599 нафари “Баркамол авлод” марказларига, минг нафардан зиёди кичик бизнес шахобчаларига жалб этилди.
Натижада жиноятга қўл урган ёшлар сони 5 289 тага ёки 29,9 фоизга, шу жумладан, жиноят содир этган касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари сони 218 тага ёки 31,0 фоизга камайди.
Айни пайтда, ёш авлодни гиёҳвандликка мубтало бўлишининг олдини олиш мақсадида, нафақат одатий гиёҳвандлик воситалари, балки янги турдаги “енгил наркотик” сифатида оммалашиб бораётган “Трамадол” ва “Лирика” каби психофаол тиббий препаратларни тарқатиш билан шуғулланаётган 148 нафар шахс ушланиб, 115 мингдан ортиқ шундай препаратлар олинди.
Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида жиноятларда иштирок этган аёл кишилар сони 9 975 нафардан 6 015 нафарга ёки 39,7 фоизга камайди.
Ички ишлар вазири томонидан ҳудудларда 225 сайёр қабулларда 5 431 нафар фуқаро билан учрашув ўтказилиб, улардан 3 мингдан зиёдининг муаммоси ижобий ҳал этилди.
Шу аснода жорий йил давомида (январь-ноябрь ойларида) олиб борилган комплекс ишлар натижасида, содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 974 тага ёки 34,9 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 14 518 тага ёки 35,7 фоизга камайишига эришилди.
Тергов-тезкор гуруҳлари фаолиятининг самарали йўлга қўйилганлиги ҳамда ходимларнинг ҳодиса содир бўлган жойга тезкорлик билан етиб келиши натижасида ҳисобот даврида содир этилган жиноятларнинг 93,7 фоизи “изи йўқолмасдан” фош этилишига эришилди.






