АсосийJamiyat

Наманганда яна кучли гумбурлаш овози эшитилди, аммо сабаблари номаълум

'Наманганда яна кучли гумбурлаш овози эшитилди, аммо сабаблари номаълум'ning rasmi

Бугун, 14 декабрь куни тахминан соат 10:00 да Наманганда яна қаттиқ гумбурлаш овози эшитилгани ҳақидаги хабарлар маҳаллий интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Маълумотларга кўра, кучли зарбдан дераза ойналари ҳам ларзага келган.

Эслатиб ўтамиз, 6 декабр куни ҳам Наманган вилоятида кўпчилик юртдошларимиз қандайдир гумбурлаган овоз эшитишгани тўғрисида маълумотлар тарқалган эди.

"Даракчи" газетасининг наманганлик мухбири Умидахон Қўшоқова ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш учун Мингбулоқ туманида бўлиб, суриштирув олиб борди.

Албатта бу вилоятнинг 5 та, яъни Наманган шаҳар, Мингбулоқ тумани, Уйчи, Тўрақўрғон ҳамда Чортоқ туманлари аҳолиси ҳам бундай овозни эшитганликларини таъкидлаганлар.

Гумбурлаш ҳақида интернет сайтларида ҳар хил маълумотлар баён этилди, айниқса норасмий телеграм каналларида узун-юлуқ миш-мишлар жуда "болалади". Масалан, кўпчилик норасмий маълумотларда ушбу гумбурлаш вилоятнинг Мингбулоқ туманида жойлашган Мингбулоқ нефьт-газ қўшма корхонасида портлаш юзага келди, қабилида изоҳланган бўлса, бошқа бир миш-мишларда ҳудуддаги ёқилғи қуйиш шохобчасида портлаш кузатилгани хабар қилинган.

Ҳатто "шу куни ҳамма оёққа турди, айниқса туман ИИБ ходимлари ҳудудни қўриқлаётган экан" деганлар ҳам топилди. Наманган вилояти ИИБ эса бунга бефарқ қарагани йўқ.

Вилоят ИИБ: "Ҳеч қандай портлаш содир бўлмаган"

— Ҳар қандай ахборот ростгўйлик призмасидан ўтказилгандагина фойдали бўлади. Республикамизда кўп сонли ўқувчилар аудиториясига эга айрим интернет нашрлари "Наманганда портлаш содир бўлди" тарзидаги информация билан омма эътиборини ўзига жалб этди.

Ҳақиқатда кучли гумбурлаш овози эшитилган, бироқ интернет нашрлар талқин этганидек, Мингбулоқ туманидаги нефть конидан чиқмаган.

Авазбек ХЎЖАХАНОВ, Мингбулоқ тумани ИИБ бошлиғи, подполковник:

— Айни вақтда ҳудуд хавфсизлик нуқтаи назаридан ўраб олинган ва фуқаролар кириши чекланган, деган информация мутлақо асоссиз. Чунки хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга ошириладиган бу ҳолат, аввало, ички ишлар тизими зиммасида. Ҳозирги кунга қадар шахсий таркибимиз бу каби ишларга жалб қилинмади, ҳамма ўз хизмат жойида. Қолаверса, туман бўйича олиб борган ўрганишларимиз натижасида ҳудудимизда ҳеч қандай портлаш содир бўлмаганини аниқладик.

Исроил УЛУҒХАНОВ, "Мингбулоқнефт" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бош муҳандиси:

— Янгиликларни интернет орқали ўқиб, очиғи, ҳайрон бўлдим. Чунки 6 декабрь куни соат 12:00 ларда иш жойимда эдим ва бу ерда ҳеч қандай портлаш содир бўлмади, қолаверса, нефть сизиб чиқаётганлиги ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз. Аммо гумбурлаш овози бизга ҳам эшитилди.

Наманган вилояти ИИБ ана шундай муносабат билан ҳолат юзасидан эълон қилинган маълумотлар асоссиз ва тасдиқланмаганлигини маълум қилди. “Асосланмаган маълумот билан оммани алдаш эса халқ ишончини қозонаётган нуфузли нашрларга ярашмайди. Зеро, доно халқимиз топиб айтганидек, ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаааб сўзлайлик. Чунки сўзимизнинг ортидан эргашгувчи халқ кўнглига ғулғула солишдан ҳеч кимга фойда йўқ. Аксинча, одамларнинг ҳаловати ўғирлангани, асоссиз таҳликалар кўнгилни тинчсизлантиргани қолади, холос, дейилади вилоят ИИБнинг воқеага муносабатида.

ЎЗИМИЗ ҲАМ ГУВОҲ БЎЛДИК

Шунингдек, суриштирув давомида Умидахон Қўшоқова Мингбулоқ туманида ҳақиқатан корхона ишчилари ва маҳаллий мутахассислар қизғин иш устида эканлигига гувоҳ бўлди.

Мансуржон МЎМИНОВ, Мингбулоқ туман ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғи:

— Ўша куни мен ҳам ўз хонамда қаттиқ, баланд товушда гумбирлаган овоз эшитдим. Бу ер қимирлаши ёки силкиниши билан боғлиқ эмас. Шунчаки овоз. Раҳбариятимиз билан бунинг сабабини билиш мақсадида ҳолатни ўргандик. “Мингбулоқнефт” қўшма корхонаси жойлашган “Чордона” қишлоғига бордик. Ҳамма ёқ тинч, ишлар ўз меъёрида кетаётганига гувоҳ бўлдик. Портлаш ёки бошқа ҳодисани исботловчи ҳеч қандай манзара йўқ. Барча ишчилар ўз ўрнида. Шуни айтишим лозимки, бизнинг ходимлар у ердаги ҳудудни шартнома асосида қўриқлашади, гуруҳимиз ҳам саноқлигина, холос. Ваҳимали ҳолат кузатилгани йўқ.

Салоҳиддин ШЕРМИРЗАЕВ, “Чордона” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

Ўша куни мен ҳам хонамда маҳалла инспектори билан бир юмуш устида маслаҳатлашиб ўтиргандик. Бирдан кучли овоз эшитдик. Шу заҳоти ёритгичга қарадим, чунки у осилган ҳолатда бўлгани учун ер қимирлаган бўлса, билинарди, ёритгич қимирламаяпти, демак, ер қимирламабди, дедим. Бу кучли овоз албатта тез орада маҳалламизда ҳам шов-шув бўлди. Биз ҳолатга аниқлик киритиш учун, яъни бу овоз бизнинг маҳалламиздан келдимикин, деган гумонда маҳаллани айландик ҳамда Мингбулоқнефть қўшма корхонасигача бордик. Ҳаммаёқ жим-жит, ишчилар ишламокда. Ҳайрон бўлдик. Бу ҳолат тез орада турли шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳозирда аҳолимиз тўйлар қиляпти, агар бундай нотинчлик бўлса, кўнгилга тўй сиғармиди.

Шу ерда савол туғилади: хўш, унда шунчалар кучли гумбурлаган овоз ниманики, у қаердан келган? Аммо ҳалигача бу саволнинг жавоби мавҳумлигича қолмоқда.

    Бошқа янгиликлар