Бугун, 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттиради.
Ялпи мажлис биринчи иш кунида 19 масала кўриб чиқилган бўлса, бугун иккинчи иш кунида яна 11 масала кўриб чиқилади.
Жумладан, “Халқаро миграция ташкилоти Конституциясини (Брюссель, 1953 йил 19 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Саноат, радиациява ядро хавфсизлиги соҳасида дав лат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тасдиқланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети харажатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида, ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги, ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотлари эшитилади.
Фарғона вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тингланади.
2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш дастури тўғрисидаги масала муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповга контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан парламент сўрови юбориш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимовга имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан парламент сўрови юбориш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилади.






