Ироқда ИШИД жангарилари томонидан ўлдирилган одамларнинг 200 дан ортиқ оммавий қабри топилди, дея хабар бермоқда Lenta.ru нашри.
Бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълум қилмоқда. Хабарларга кўра, қабрларда 12 мингга яқин киши кўмилган бўлиши мумкин. Бироқ бу маълумот ҳозирча тасдиқланганича йўқ. Улкан қабрларда жангарилар томонидан ўлдирилган аёллар, болалар ва кексалардан ташқари, уларга қўшилишни истамаган минглаб полициячилар ва ҳарбийлар кўмилган, деган тахминлар бор. Энди экспертлар қабрлардаги катта миқдордаги жасадларни чиқариб олиш масаласини ҳал қилишлари керак.






