Ватаннинг ҳар сарҳади муқаддас. Эл-юрт осойишталиги, халқнинг тақдири учун масъулият билан хизмат қилиш — олий бурч. Бу вазифаларни сидқидилдан адо этувчи ҳарбийлар шарафли касб эгалари саналади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларида жанговар шайликни мустаҳкамлаш ва юқори ҳарбий интизомга эришишда сержантларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида Ўзбекистон Миллий гвардияси сержантлар форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари –Дилноза Каттаханова, Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари — Гулнора Маъруфова, Ўзбекистон фахрийлари ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш Нуроний жамғармаси Республика бошқарув раиси — Шуҳрат Жалилов, Маҳалла хайрия жамоат фонди раисининг ўринбосари — Дилшод Усмоновлар спикерлар сифатида қатнашди.
Форумга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг сержантлар Кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари , шартнома асосидаги ҳарбий хизмат сержанти ва оддий аскарлари таркибидаги жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик аълочилари, Давлат мукофоти билан тақдирланганлар ҳам иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари полковник Шавкат Шокиров Сержантлар форуми ташкил этилишининг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берди.
—Ўзбекистон ёшлар иттифоқи барча ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оилалари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга доимо шай. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига қарашли ҳарбий қисмларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 26 та бошланғич ташкилотлари ташкил этилиб уларга жами 5 минг нафардан ортиқ ёш ҳарбий хизматчилар жалб этилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар орасида ҳам китобхонликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Миллий гвардиясига 2 мингдан ортиқ адабиёт дурдоналари тақдим этилиши режалаштирилди. Жорий йилда «Ёш китобхон» танлови Қуролли кучлар тизимида хизмат қилаётган ёшлар ўртасида ҳам алоҳида ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, «Темурбеклар» мактаби ва Республикамиз бўйлаб ҳарбий қисмларда ўз бурчини адо этаётган энг фаол, иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш учун Юртбошимиз ташаббуси билан Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича имтиёз берилиши юзасидан тегишли ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқиляпти. Бундан тақари ҳарбийлар оилаларини мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Дилноза Каттаханова.
Форум доирасида «Ёшларнинг ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда сержантлар таркибининг ўрни» мавзусида маъруза ўтилди. Сержантлар «АҚШ Қуролли кучларида сержантлар фаолияти тизими ҳамда уларнинг ҳарбий хизматдаги вазифалари» мавзусида инглиз тилида, «Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучларида сержантлар фаолияти ҳамда уларнинг ҳарбий хизматдаги ўрни ва вазифалари» номи остида рус тилида, «Хитой Қуролли кучларида сержантлар фаолияти тизими ҳамда уларнинг ҳарбий хизматдаги ўрни ва вазифалари» ҳақида хитой тилида тақдимотлар намойиш қилишди.
Хотин-қизлар қўмитаси ҳарбий қисмлар билан ишлаш тизими, уларнинг яшаш шароитлари билан танишиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари хусусида тўхталган Гулнора Маъруфова “Ҳарбийларнинг оилалари билан суҳбат қилганимизда уларнинг турмуш ўртоқларидаги фидойилик, садоқат, тушуниш ва сабру матонатлилик хислатлари бизни анча қувонтирган. Уларнинг аксарияти оилапарвар уй бекаси сифатида фарзандларини ҳарбий ватанпарвар авлод қилиб тарбияламоқда, — дея таъкидлади.
«Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сержантларининг мақоми тўғрисида» ги Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 12-апрелдаги 170-сон қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия бўлинмаларидаги сержантлар Кенгашининг амалдаги фаолияти ва унга янгича ёндашув бўйича фикр-мулоҳазалар юритилди, ҳарбий қисмда форум режасига асосан ҳарбий машғулотлар ўтказилди.
Сержантлар форуми орқали ҳарбий интизом ва маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштиришдаги масъулият оширилиб, сержантлардаги жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик режаларига асосан олиб борилаётган машғулотларда шахсий ўрнак бўлиш ва ташаббускорлик фазилатларини шакллантирилади. Уларнинг хизмат жараёнидаги ижтимоий-маиший ва бошқа турдаги муаммоларини ўрганилиб, уларни ҳал этишга доир чора-тадбирлар ташкил қилинади. Шу билан бирга бўлинмаларнинг жанговар тайёргарликни кучайтириш, ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда сержантлар кенгашининг ўрни ва вазифалари масаласида таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилади.
Шаҳноза Нуруллаева






