ЎзА ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган “Чанги чиққан кўчаларда қолаётган донғи чиққан математик чемпион” сарлавҳаси остидаги мақола Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг эътиборини ўзига жалб этмай қўймади.
Мақолада Қоракўл туманидаги 52-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов, оилавий қийинчилик туфайли вақтини тўлиқ илм олишга сарфлай олмаётгани, бўш вақтларида ва ёзги таътилда у нон цехларида ишлаб оиласига ёрдам қилиб келаётгани ҳақида ёзилган.
Ушбу хабарга Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев facebook‘даги саҳифаси орқали муносабат билдирди.
«Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Қораун қишлоғида яшовчи, математика фани бўйича халқаро олимпиадалар ғолиби Дониёр Исмоилов ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган мақолалар шов-шувга айлангани бор гап.
Айниқса, ЎзА томонидан эълон қилинган хабар Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор мутасадди ташкилотлари раҳбарларининг эътиборини ўзига жалб этмай қўймади», дейилади вилоят ҳокимининг постида.
Жорий йилнинг 31 декабрига қадар оилага вилоят ҳокимлиги томонидан уй-жой қуриб берилиши, вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ноутбук, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан шахсий кутубхона яратиб берилиши белгиланган.
Маълумот учун: Дониёр Исмоилов математика бўйича халқаро олимпиадаларнинг кўп карра қатнашчиси. Хусусан, Болгария, Ҳиндистонда ўтган математика бўйича энг нуфузли халқаро танловларнинг ғолибига айланган. 3 карра олтин, 2 бора кумуш медаль соҳиби бўлган.






