АсосийJamiyat

“Иқтидорли ёшлар” Республика форумида янги истеъдодлар кашф этилди

'“Иқтидорли ёшлар” Республика форумида янги истеъдодлар кашф этилди'ning rasmi

Ёшлар ҳар бир мамлакатнинг эртанги куни, жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч, салоҳиятли ресурс ҳисобланади. Албатта, ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига қулай шароит яратиш орқали уларни юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айлантириш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи зиммасидаги энг муҳим вазифалардан саналади.

Жорий йилнинг 15 октябрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган «Иқтидорли ёшлар» Республика форуми ҳам ушбу мақсадларга қаратилган.

“Ташаббускор ёшлар сафи кенгайсин”

— Юртимиздаги барча ёшларнинг ташаббус ва иқтидорларини намоён этишлари учун қулай шарт-шароит яратиш, инновацион лойиҳаларини ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар билан ўзаро мулоқот майдонини яратиш, бир сўз билан айтганда, жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топишлари учун ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев. — Мазкур форум иқтидорли ёшларни Республикада амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда фаолликка чорлаш, халқ манфаатлари учун бутун кучини, билими ва имкониятларини сафарбар қила оладиган ташаббускор, шижоатли ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.

Форум давомида иқтидорли ёшларга шўбаларга бўлинган ҳолда аниқ фанлар, техника ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ғоялар ва ишланмалар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фармацевтика соҳасидаги инновацион лойиҳалар йўналишларида мулоқот майдони яратилди. Унда ёшлар ўз лойиҳалари, ихтироларини намойиш этишди.

Оилада болаларни халқ оғзаки ижоди орқали тарбиялаш»

Жиззах Давлат педагогика университети талабаси Абдулла Шарофиддинов ҳам форумга ўз лойиҳаларини тақдим қилди. У «Халқ оғзаки ижоди орқали болаларни маънавий тарбиялаш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш» мавзусидаги лойиҳаси орқали Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендиясини қўлга киритган.

— Лойиҳа доирасида ҳудудларда тарғибот-ташвиқот ишлари самарали ташкил этилиб, ўқув-услубий қўлланмалар, рисолалар чоп эттирилди. Улар мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим муассасаларига тарқатилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали ҳам лойиҳанинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка таништирилмоқда, — дейди Абдулла Шарофиддинов. — «Оилада болаларни халқ оғзаки ижоди орқали тарбиялаш» ва «Болалардаги нутқ кўникмаларини шакллантириш» номли ўқув-услубий қўлланмалари орқали болаларнинг дунёқараш, тафаккур ва идрок жараёнлари шаклланади.

“Автомобил йўллари ва аэродромларда геосинтетик материалларни қўллаш” лойиҳаси купчиликда қизиқиш уйғотди

Тошкент Автомобиллар йўлларини лойиҳалаш, кўриш ва эксплутация институти талабаси Мурод Муҳаммаджоновнинг лойиҳаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.“Автомобил йўллари ва аэродромларда геосинтетик материалларни қўллаш” мавзусидаги лойиҳанинг асосий мақсади автомобил йўллари йўл пойи ва қопламани геосинтетик материаллар билан кучайтиришнинг мавжуд усулларини такомиллаштиришдан иборат.

— Лойиҳада автомобиль йўллари кўтармаси ва қиялигини гиосинтетик материаллар ёрдамида устуворликка ҳисоблаш усули ва чизмасини ишлаб чиқамиз. Гиосинтетик материаллар ва грунт орасидаги ўзаро таъсирчанликларини аниқлаш бўйича ускуна қурилмаларини тайёрлаймиз, — дейди Мурод Муҳаммаджонов. — Лаборатория шароитида грунт ва гиосинтетик материал орасидаги мустаҳкамлик кўрсаткичларини аниқлаш бўйича мавжуд усулларини такомиллаштириб, дала шароитида гиосинтетик материаллар билан кучайтирилган тажриба йўл пойини барпо этамиз. Унда кузатув ишларини олиб бориш орқали натижаларни таҳлил қиламиз.

Тадбир якунида юқорида келтирилган 4 та йўналиш бўйича иштирокчиларнинг лойиҳаларини муносиб рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Шахноза Нуруллаева

    Бошқа янгиликлар