“Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” ҳар йили дунё бўйлаб 160 та мамлакатда ўтказилиб, маҳаллий тадбиркорлик экотизимини яратиш ва ривожлантиришга кўмак бериш бўйича фаолият олиб боради.
Ўтган йилда илк маротаба ўтказилган “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” тадбирларида 6 минг нафардан ортиқ ёшлар, 150 нафаран ортиқ маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этган.
Жорий йилнинг 12 –18 ноябрь кунлари ўтказиладиган “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” олдидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бунёдбек Баҳромбеков, тажрибали тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов, Зуҳра Абдураҳмоновалар спикер сифатида қатнашди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” Ўзбекистон миллий тадбиркорлик экотизими яратиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет эл тадбиркорларини мамлакатимизда яратилган ишбилармонлик муҳити билан яқиндан таништириш, тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун муҳим тармоққа айланмоқда. Тадбиркорлик ҳафталиги доирасида Тошкент шаҳри ва Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида махсус бизнес тренинглар, тақдимотлар, маҳорат дарслари, Б2Б учрашувлар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида Ёш тадбиркорлар бизнес форуми ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун зарурий шарт-шароитларни яратиш мақсадида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури қабул қилинганлиги ҳақида атрофлича маълумот берилди. “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, “стартап”лари, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш тизими яратилган.
Ўтган қисқа давр мобайнида, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга зарурий инфратузилмалар яратилди. Хусусан, ҳудудларда 98 та “Ёшлар меҳнат гузари” комплекслари ҳамда 14 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг марказлари ташкил этилди. Бугунги кунга қадар, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1720 та бизнес лойиҳа жами 196,2 млрд. сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи билан молиялаштирилиб, 5114 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.
Тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўтказиладиган мазкур тадбиркорлик ҳафталиги мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш билан биргаликда, ёшларни ўз шахсий бизнесини ташкил этишга рағбатлантириш учун хизмат қилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
“Глобал тадбиркорлик ҳафталиги”ни ўтказишдан асосий мақсад – муваффақиятга эришган тажрибали тадбиркорлар билан ёш тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш, уларни янги ғояларга илҳомлантириш ва ёшлар орасида бизнес юритиш маданиятини шакллантириш, мамлакатимизда тадбиркорлик экотизимини ривожлантириш, бизнесни ривожлантиришда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар билан ёшларни таништириш ҳамда Ўзбекистонда тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишдан иборат.
Шаҳноза Нуруллаева






