Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Термиз шаҳридаги «Халқаро ёшлар оромгоҳи»да Ўрта Осиё ёшларининг халқаро «Дўстлик» форуми ташкил этилди.
Мазкур форум кеча Ўрта Осиё мамлакатларидан ташриф буюрган ёшларни Термиз халқаро аэропортида тантанали кутиб олиш маросими билан бошланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилаётган тадбирга қўшни Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларидан келган фаол ёшлар «Термиз» халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Ўзбекона урф-одат ва карнай-сурнай садолари остида кутиб олинган форум иштирокчилари эндиликда глобал миқёсдаги кўплаб мавзулар юзасидан фикр алмашишади.
Форумнинг тантанали очилиш маросими бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Термиз шаҳридаги халқаро ёшлар оромгоҳида бўлиб ўтади. Тадбир иштирокчилари беш кун давомида ўзаро фикр алмашиб, инсон саломатлиги, спорт ва табиат муҳофазаси муаммолари ечимларини муҳокама этади. Фан, таълим, маданият каби соҳаларнинг янги ютуқлари ва энг яхши таълим моделлари тақдимотларини ўтказади. Маданий алоқаларни мустаҳкамлашда ёшлар ташкилотларининг ўрни ва муаммоларини ҳал этишда кўнгилли ёшларни жалб этиш механизмлари сингари мавзуларни атрофлича таҳлил қилади. Ёш кинематографлар тақдимоти, ёш дипломатларнинг «Ўрта Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш» мавзусидаги форуми ўтказилади.

– «Муаммоларни ҳал этишда кўнгилли ёшларни жалб этиш механизмлари» мавзуси юзасидан маъруза тайёрлаб келганман, – дейди афғонистонлик Саодатзода Саиджамолиддин. – Ҳар бир мамлакат ёшларининг ўзига хос дунёқараши бор. Ушбу форум қўшни давлатдаги тенгдошларимиз билан суҳбатлашиш, тажриба алмашишдек улкан имкониятни беради.
Форум доирасида миллий рақс ва миллий либослар кўргазмалари, «Мақом» кечаси ташкил этиш, Термиз давлат университетида илмий конференция ўтказиш, иштирокчиларни тарихий обидалар ва замонавий иншоотлар билан яқиндан таништириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу форум жорий йилнинг 14-октябрига қадар давом этади.






