АсосийJamiyat

Абдулла Ориповнинг фарзандлари мерос талашишдими ёки қонунан бўлиб олишдими?

'Абдулла Ориповнинг фарзандлари мерос талашишдими ёки қонунан бўлиб олишдими? 'ning rasmi

Ижтимоий тармоқда “Абдулла ­Ориповнинг фарзандлари мерос талашяпти” мазмунидаги хабарлар яшин тезлигида тарқалди. Бу эса ўз ўрнида кўпчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим ҳолларда эса ҳодисани ҳаддан ташқари бўрттириб юбориш, шов-шув кўтариш кўзга ташланмоқда. Маълумки, хорижий мамлакатларда машҳур шахсларнинг вафотидан сўнг уларнинг меросини тақсимлаш турли тортишувларга сабаб бўлади ва бу оддий ҳол сифатида қабул қилинади. Хўш, аслида нима бўлганди ўзи? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Ғайрат Эргашев билан боғландик. Унинг айтишича, чиндан ҳам Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ханифа Мустафаева мерос мулк­ларини бўлиб беришни сўраб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилган...

Даъвогар Ханифа Мустафаеванинг вакили Б.Эшмуродов судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар Шоира Орипова, Юлдуз Орипова, Зарифа Орипова, Мавлуда Орипова, Рухсора Орипова ва Илҳом Ориповга нисбатан мерос улушларини аниқлаш ва мерос мулкларини бўлиб беришни сўраган.

Суднинг 2018 йил 18 сентябрь кунидаги ажримига асосан, ишга Зарема Орипова мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида жавобгар томонидан жалб қилинган.

Суд мажлисида сўралган даъвогар Ханифа Мустафаеванинг вакили Б. Эшмуродов даъво аризасини қўллаб-қувватлаб, ундагиважларни такрорлаб, мерос мулки бўлган:

► Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар, “Нефтчи” МФЙ, Эл кўчаси, 3-сонли коттеждан (Экспертиза хулосасига кўра, ҳисобий бозор баҳоси 297.767.142 сўм);

► “Каптива” русумли автомашинадан (ҳозирги кундаги ўртача бозор нархи 80.804.200 сўм);

► Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ю.Ражабий кўчаси, 72-уй, 33-хонадон (ҳисобий бозор баҳоси 612.164.974 сўм)дан мерос улушларини аниқлашни сўраган.

Ҳамда мерос мулклари бўлган:

► Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар, “Нефтчи” МФЙ, Эл кўчаси, 3-сонли коттежни;

► Тошкент вилояти Қибрай тумани, “Дўрмон” ҚФЙ, Ёзувчилар кўчаси, 2-уйни (ҳисобий бозор баҳоси 472.722.039 сўм);

► Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ю. Ражабий кўчаси, 72-уй, 33-хонадонни ҳамда “Каптива” русумли автомашинани Ханифа Мустафае­вага натура тарзида қолдиришни, қолганларнинг улушини пул миқдорида даъвогардан ундиришни сўради.

Суд мажлисида жавобгар Юлдуз Орипова мерос мулки бўлган Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ю. Ражабий кўчаси, 72-уй, 33-хонадонни унга натура тарзида қолдиришни, Қарши шаҳридагикоттежни, Қибрай тумани “Дўрмон” ҚФЙ, Ёзувчилар кўчасидаги 2-уйни ва “Каптива” русумли автомашинадан ўз улушини пул шаклида ажратиб берилишига эътирози йўқлигини билдирди.

Шоира Орипова ва Юлдуз Орипованинг вакили Н. Ташпулатов ­Ю.Ори­пованинг фикрларига қўшилишини, Шоира Орипова ўз улушини синглиси Юлдуз Орипова фойдасига воз кечиши, бироқ нотариал тартибдаги аризаси йўқлигини айтди. Ш. Орипова ўз улушидан воз кечган бўлса-да, ушбу улушни пуллик компенсация қилинишига қарши экани, улушни натура тарзида бўлиб беришни сўраганини билдирди.

Суд мажлисининг вақ­ти ва жойи тўғрисида огоҳ­лан­ти­рилган жавобгарлар Илҳом Орипов, Зарема Орипова суд мажлисида иштирок этишмади. Аммо судга ёзма ариза тақдим этиб, улушини пул миқдорига олишга розилик билдириб, фуқаролик ишини уларнинг иштирокисиз кўришни сўрашган. Рухсора Орипова ҳам судга ёзма ариза тақдим қилиб, отасидан қолган даъво улушидан нотариал тартибда онасининг фойдасига воз кечганини билдирган.

Жавобгарлар Зарифа Орипова ва Мавлуда Орипова бугунги кунда АҚШда истиқомат қилгани боис, ишни уларнинг иштирокисиз кўришни лозим топди.

Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Мазкур фуқаролик иши ҳолат­ларидан кўринишича, Абдулла Орипов ва Ханифа Мустафаева 1968 йилнинг 23 апрелида қонуний никоҳдан ўтган. Уларнинг 6 нафар фарзанди бор.

Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрида вафот этган.

Оила кодекси 23-моддасининг 1-қисмига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар, эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Оила кодекси 28-моддасининг 1-қисмига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг, деб ҳисобланади.

2018 йил 26 сентярь куни Яккасарой туманлараро суди чиқарган ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Ханифа Мустафаеванинг вакили Б. Эшмуродовнинг жавобгарлар Ш. Орипова,
Ю
. Орипова, З. Орипова, Р. Орипова,
И
. Ориповга нисбатан мерос улушларини аниқлаш ва мерос мулкларини бўлиб бериш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилди.

Қарши шаҳридаги коттеж ва “Каптива” автомашинадан Мустафаева Ханифанинг улуши 12/14 қисм. Ш.Орипова ва Ю.Орипованинг ҳар бирининг улуши 1/14 қисмдан, Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ю.Ражабий кўчаси, 72-уй, 33-хонадоннинг 1/4 қисмидан Мустафаева Ханифанинг улуши 5/7 қисм, Ш.Орипова ва Ю.Орипованинг ҳар бирининг улуши 1/7 қисмдан деб белгиланди.

Қарши шаҳридаги коттеж, “Дўр­мон”даги уй, “Каптива” русумли автомашина ҳамда Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ю. Ражабий кўчаси, 72-уй, 33-хонадон натура тарзида Мустафаева Ханифа тасарруфида қолдирилди.

Меросдан олган улуш ўртасидаги фарқ сифатида Мустафаева Ханифадан Ш.Орипова фойдасига 82.669.704.1 сўм ва Ю.Орипова фойдасига 82.669.704.1 сўм ундирилиш белгиланди.

Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ю.Ражабий кўчаси, 72-уй, 33-хонадоннинг хусусийлаштириш улушлари ҳисобидан Мустафаева Ханифадан И.Орипов ва Зарема Орипованинг ҳар бирига 153.041.243.5 сўмдан ундирилиш белгиланди.

Мустафаева Ханифадан давлат фойдасига 937.582 сўм давлат божи ундириладиган бўлди.

Ш. Орипова ва Ю. Орипованинг ҳар биридан давлат фойдасига 1.653.394 сўмдан давлат божи ундирилиш белгиланди.

Мазкур ҳал қилув қарори устидан назорат тартибида шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши ҳам мумкин...

"ОТАМНИНГ 4 ҚАТОР ШЕЪРИНИ ЗЕБУ ЗАРГА АЛМАШМАЙМАН"

Мазкур ҳал қилув қарори билан ташиниб чиққач, муҳокамаларнинг “бош қаҳрамони”га айланган Юлдуз Орипованинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

Юлдуз ОРИПОВА:

— Оила аъзоларимиз орасида ҳеч қандай жанжал, муросасизлик ҳолати бўлгани йўқ. Вазият шундай бўлганди: опам ва мендан бошқа фарзандлар меросдаги ўз улушидан онамнинг фойдасига воз кечишган. Иккимизнинг рози бўлмаганимиз бу – пул талаб қилди, дегани эмас. Мақсадимиз, бари ўз ҳолича қолишини истагандик. Опам ва мен ҳужжатга қўл қўймаганимиз боис, онам Яккасарой туман судига меросни нархлатиб, улушларни пул кўринишида тақсимлаб беришни сўраб, даъво аризаси киритган. Бу оддий ҳол. Мен пулдан воз кечдим. Онам билан ҳам муносабатларимиз яхши, ҳеч қандай можаро бўлгани йўқ. Аслида оилада мерос хусусида гаплашмаймиз ҳам. Мол-мулк талашиш бизнинг тарбиямизга зид. Интернетдагилар кўпроқ одамнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида “Абдулла Ориповнинг фарзандлари мерос талашишяпти”, деб номимиздан фойдаланди, холос. Қонуний меросхўрлар қандай мерос талашиши мумкин? Бу мантиққа зид-ку! Отамнинг тўрт қатор шеърини ҳар қандай зебу зарларга алмашмайман. Отамнинг маънавий мероси — ҳақиқий бойлигим. Дунёвий мол-мулк эса қўлнинг кири. Ҳаётда ўйлаш учун меросдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор. Ҳаётимдаги энг катта фожиа, бу — отамни йўқотганим. Бундан ортиқ фожиа йўқ. Отамнинг сиймосинафақат биз, балки бутун халқимиз учун азиз. Отамнинг мероси ҳам халқники! Биз, фарзандларнинг вазифамиз отамнинг хотирасини абадийлаштириб, номини пок сақлаш! Нодонларнинг шов-шув кўтаргани ачинарли ҳолат.

Садоқат Аллаберганова

    Бошқа янгиликлар