Бугун пойтахтимиздаги “Ёшлар пресс-клуби”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашларининг ёш оилалар билан ишлаш йўналиши масъул ходимлари учун бир кунлик махсус ўқув-семинар ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жамиятимизда 1 млн. 793 мингдан ортиқ ёш оилалар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, бу борадаги ишларни тизимли равишда такомиллаштиришни давр тақазо қилмоқда.
Ўқув-семинарнинг биринчи қисмида мақсад ва вазифалар атрофлича тушунтирилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида ёш оилалар билан ишлаш йўналишида 9 ой (январь-сентябрь) давомида ҳудудларда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Ҳудудий Кенгашларнинг ёш оилалар билан ишлаш йўналишида худди шу даврда амалга оширилган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.
Куннинг иккинчи қисмида ушбу йўналишда фаолият самарадорлигини янада ошириш мақсадида қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, II ярим йилликда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу йўналишдаги Фармон ва Қарорларини бандма-банд ижросини таъминлаш борасида кўрсатмалар берилди. Ёш оилалар билан ишлаш йўналишида амалга ошириладиган ишларни ОАВ орқали ёритиш масалалари ҳам талаб даражасида эмаслиги ва бу борада ҳам замонавий методларни қўллаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги лойиҳа — “Ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг кўмаги”нинг мазмун-моҳияти, ундан кўзланган мақсад атрофлича тушунтирилди. Ёшлар ўртасида учраётган эрта никоҳ, эрта туғруқ ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастурига таклиф тайёрланди. Эндиликда ушбу механизм асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тизимли ишлар амалга оширилиши белгиланди.
Семинарда ёшлар ўртасида учраётган эрта никоҳ, эрта туғруқ ҳамда оилавий ажрим каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қатор вазифалар белгиланди:
— ёш оилалар ўртасида маънавий-аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида нотинч ва муаммоли, айниқса оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ёш оилалар билан индивидуал суҳбатлар ташкил этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш;
— ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-аҳлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларини ёшлар онгига сингдириш мақсадида “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси асосида манзилли тарғибот тадбирларини ўтказиш;
— ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва эрта туғруқнинг салбий оқибатларини олдини олишга қаратилган семинар ва учрашувлар ташкил этиш;
— ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик ва психологик маслаҳатлар бериш мақсадида ёш оилалар учун ҳафтада бир марта психолог ва ҳуқуқшунослар қабулини ташкил этиш;
— эрта никоҳнинг, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажримларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёни шу жумладандир.
Ўқув-семинар сўнггида ҳамкор ташкилотлар билан тизимли ишларни янада жонлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ёш оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қўллаб-қувватлашда ҳар бир ходимнинг масъулияти оширилди.






