АсосийJamiyat

«Солиқ хизмати - ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори» мавзусида ёшлар билан учрашув ўтказилди

'«Солиқ хизмати - ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори» мавзусида ёшлар билан учрашув ўтказилди'ning rasmi

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан «Солиқ хизмати - ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори» мавзусида ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Yoshlar-kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан ўтказилган тадбирда туман давлат солиқ инспекциялари раҳбарлари, Марказий банк Тошкент шаҳар бошқармаси вакиллари, юртимизда кўзга кўринган тадбиркорлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи бугунги кунда солиқ идоралари ўз фаолиятларини янги босқичда амалга ошираётгани, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва бошламоқчи бўлган ёш тадбиркорларнинг муаммоларини эшитиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда келгусида солиқ хизмати - ёш тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори бўлиб ишлашини таъминлашдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда ёш тадбиркорларга берилган солиқ имтиёзлари, енгилликлари уларга яратилаётган шарт-шароит ҳамда имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, айни пайтда пойтахтимизда 10 минг нафарга яқин ёш ишбилармон ва 720 нафар ҳунарманд ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган 1136 нафар ёшлар қатъий белгиланган солиқ бўйича жами 2,8 млрд. сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.

Маълумки, юртимизда ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида жорий йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Yoshlar-kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5466-сонли Фармони қабул қилинди.

Давлат дастури доирасида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган тадбирларни 2018 йилда молиялаштириш учун жами 47 млрд. 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда мамлакатимизда кўзга кўринган тадбиркорлар «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ҳамда «Ofiss market» раҳбари Ҳусан Мамасаидов ўзларининг ҳаётий тажрибаларига оид фикр-мулоҳазалари, тавсия ва кўрсатмалари билан ўртоқлашди. Бу эса, ёш тадбиркорлар учун ўзига хос маҳорат дарси бўлди.

Учрашувда ёш тадбиркорлар ўзларининг бизнес режаларини йиғилганларга намойиш этди. Бундан ташқари, ёшлар томонидан ўз бизнес режаларини амалга ошириш ва фаолиятини кенгайтириш учун банклардан имтиёзли кредитлар олиш, тадбиркорликни бошлаш учун жой ажратилиши ҳамда бошқа муаммоли масалалар ўртага ташланди.

Тадбир давомида ёшлар олдида турган тўсиқлар ўрганиб чиқилган ҳолда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ҳамда ҳар бир ҳудудий давлат солиқ инспекциялари раҳбарларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва бошламоқчи бўлган 10 нафардан ёшлар бириктирилди.

Солиқ хизмати органлари раҳбарлари ўзларига бириктирилган ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги илк қадамларидан бошлаб, токи юксак даражага етгунига қадар барча муаммоларини ҳал этиб, уларнинг ишончли ҳамкори бўлиб қолади.

    Бошқа янгиликлар