2018 йил 22 август куни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яҳшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган брифинг ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, ШҲТ Бизнес клуби, Россия Федерациясининг Ташқи ишлар вазирлиги, Россия федерациясининг Савдо-саноат палатаси, Россия-Ўзбекистон бизнес кенгаши, Осиё инвест банки вакиллари, шунингдек россиялик тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, йил бошидан буён мамлакатимизда Россия иштирокидаги инвестициялар ҳажми 600 миллион доллардан ошди ҳамда 100 дан ортиқ корхоналар очилди. Брифингда Адлия вазирлигинниг масъул вакиллари айни вақтда Ўзбекистонга сармояларни жалб қилиш учун қулай имкониятлар яратилганлигини, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити тобора яхшиланиб бораётганлигини, иқтисодиётнинг жадал суръатлар билан ривожланаётганлигини ҳамда ўз бизнесини юритмоқчи бўлганлар учун анча соддалаштирилган тартиб жорий қилинганлигини қайд этдилар.
Сўнг маърузачилар қатнашчиларнинг эътиборини тадбиркорлик ва инвестициялар соҳасидаги ўзгаришларга қаратишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги Фармони билан Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган давлатга ишончни ҳимоя қилиш тамойили, ер участкаларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйишнинг аниқ ҳолатларини, давлат органининг қарорини фақатгина суд тартибида бекор қилиш тартибларини белгиланиши ва бошқа янгиликлар брифинг иштирокчиларига батафсил тушунтириб берилди.

Шунингдек, брифингда мамлакатимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилган шарт–шароитлар ҳақидаги тақдимот намойиш этилди. Маърузадан сўнг қизғин муҳокамалар олиб борилиб, Россия федерациясининг бизнес вакиллари Ўзбекистонда яратилаётган инвестициявий муҳитга қизиқиш билдириб, инвестиция соҳасидаги қонунчиликка оид саволлар билан Адлия вазирлигининг масъул ходимларига мурожаат қилишиб, ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича жавоблар олишди.
Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу брифинг тафсилотлари Россия оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.






