Олимлар узоқ умр кўриш ирсиятга боғлиқлиги кўп таъкидлашган. Аммо баъзида бунга генларнинг алоқаси йўқ, ҳаётда мўъжизалар ҳам юз беришини инкор этиб бўлмайди. 118 ёшдаги Мисқол ая Норова юқоридаги гапларимизга мисол бўла олади. Фарзандларининг фикрича, бу оиланинг шажарасида ҳали 100 ёшдан ошганлар бўлмаган. Бу ҳодисани ўзига яраша рекорд, ҳам дейиш ҳам мумкин...
Маълумот ўрнида: Шаҳрисабздаги Мираки тумани Тошқўрғон қишлоғида истиқомат қилаётган Мисқол аянинг 2 ўғил, 2 қиз зурриёдларидан 30 га яқин набира, чевара, эваралар вояга етмоқда.
МОМОДА ЯНГИ ТИШ, СОЧ ТОЛАСИ ЎСИБ ЧИҚЯПТИ...
118 ёшли момода янги тиш, соч толаси ўсиб чиққанлиги ҳақиқат. Ҳаётида янги асрни яшай бошлаган ая бу мавзуда ўзлари ҳам қуйдагиларни сўзлади.
Мисқол ая Норова: — Ҳаммаси яхши-ку, аммо сўнгги вақтларда ўзим уйдан чиқолмай қолганман. Бир кўзимни операция қилдирган бўлсам ҳам яхши кўролмаяпман. Лекин уйда, ўғил, келин ва набираларнинг қуршовида умр кечиришнинг, ўзига яраша гашти бор. Келинларим бирин-кетин, ош-нонимга қараб, ҳолимдан хабар олиб туришади.
Суҳбатда бўлганлар мендан, узоқ умр кўриш сири нимада экан, деган саволни кўп беришади. Рости, буни ўзим ҳам билмайман. Баъзиларнинг фикрича ёшликдан яхши еб-ичган одам кўп яшаркан. Аммо мен ортимга қараганда, ёшлигим фақат уриш йилларига тўғри келганини кўраман. У даврлар очлик эди. Шунинг учун, назаримда, яхши тановвулни узоқ йил яшашга сабаб қилиб кўрсатиш, доим ҳам тўғри эмас.
Шукр бугун тинч замонларда яйраб яшаяпмиз. Баъзида тансиқроқ таом егим келса, ўзимни ушлаб ўтирмайман, албатта ейман. Баридан кам-кам таътиб кўришим мумкин.

ШАҲРИСАБЗДАГИ МИРАКИ ТУМАНИНИНГ ҲАВОСИДА КЎП ГАП БОР...
Бироз баланд овозда, аммо сўзлари тетик гапирадиган ая билан қизғин суҳбатимизга, унинг учинчи фарзанди Неъмат Бойкелдиев қўшилди.
— Одам меҳнат қилиб, кам бўлмайди, деган гапнинг исботини онамда кўрганман. Қўлларида кучи борича колхозда ишлаган. Ишдан қочмасдилар. Ҳаммасидан ортиб, биз фарзандларга вақт ажратишга ҳам улгурган. Доим, ўғирлик қилма, ёлғон гапирма ва тўғри йўлдан юр, деган гапни кўп қайтарардилар. Онам учун Шаҳримизнинг Миракидан чиройли ва баҳузур жой йўқ. Қишлоқдан четга чиқишни истамаганлар ҳам. Бу ерларнинг тоза ҳавоси, мана шундай узоқ умр кўришга таъсир қилади, назаримда (кулади).
Онамдаги бир фазилат, биз фарзандларни доим ажаблантиради. Эсимни танибманки, бирор марта жаҳл қилганини кўрмаганман. Нимаки содир бўлмасин, “Демак, шундай бўлиши керак экан” дея йўлларида давом этаверардилар. Ортиқча нарса эътибор бермаслик, сиқилмаслик ҳам онамизнинг ҳаётдаги ўзига ҳос сирларидан бири.
ТАОМНОМА РЎЙХАТИ ОДДИЙ
Мунаввар Абдуллаева, аянинг келини: — Биз келинларга аяжонимиз, қайнона эмас, меҳрибон онадир. Рўзғордаги камчиликларни муаммога айлантирмай, босиқлик билан ҳал қилишни ўрганганман. Кўча куйда, ҳамқишлоқларимиз момонинг кўпроқ нималар тановвул қилиши билан кўп қизиқишади. Таомнома рўйхати оддий. Фақат кун давомида кўпроқ, табиий маҳсулотлар — сут, қатиқ, новвот истеъмол қиладилар. Бизларга ҳам азиз-икром ва мана шундай файзли қариш насиб этсин.
ХУЛОСА:
Мисқол аянинг ҳолидан хабар олишга келганлар биринчи галда дуо олишни исташади. Ая, биз учун ҳам кафтларини дуога очиб самимий ният қиладилар. “Ҳамманинг давлати зиёда, тинч осуда Ватанда барча қувонч шодликда яшасин. Ҳаммага менинг ёшимга кириб, роҳат кўришини тилайман. Озод ва обод юртимизнинг осмони доим мана шундай мусафо бўлсин!”.
Суҳбатимиз аянинг мана шундай ҳосиятли дуолари билан ҳам жуда файзли бўлди.
Дилсўз БЎТАЕВА






