Зулфия Абдураҳмонова 2-сон Республика клиник шифохонаси бош врачи лавозимига тайинланди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Унга, аввало, даволаш ишларида тиббиётнинг замонавий ва самарали технологияларини кенг жорий этиш, жумладан, кордиология, неврология, терапия каби қатор йўналишларни такомиллаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш, тиббий радиология йўналишида илмий ишларни ривожлантириш, давр талабига мос малакали кадрларни тайёрлаш, хорижнинг нуфузли тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаган ҳолда, соҳа вакилларининг халқаро клиникаларда малака оширишларини, чет эл мутахассисларининг клиникада маҳорат дарсларини ташкил этиш каби вазифалар юклатилди. Шунингдек, унга халққа янада яқинлашиш, қоғозда қуруқ ҳисоботлар билан эмас, балки амалий натижалар билан одамлар ишончини қозониш, улар дардига малҳам бўлиш каби устувор йўналишлар ҳам белгилаб берилди.
Маълумот ўрнида, Зулфия Абдураҳмоновa бунга қадар мазкур клиник шифохонанинг даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари, шу билан бирга бош шифокор вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.






