АсосийJamiyat

Янгиқўрғондаги фожиа сабаблари: Светофор ўрнатилишига нега панжа орасидан қаралмоқда?

'Янгиқўрғондаги фожиа сабаблари: Светофор ўрнатилишига нега панжа орасидан қаралмоқда?'ning rasmi

Аввал хабар берилганидек, Наманган вилоятининг Янгқиқўрғон туманидаги Қизилқиёқ маҳалласида шу йил 1 август куни йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ фожиа рўй берди. Шу куни тонгда Қораполвон маҳалласида яшовчи Д. М. “Москвич-412” русумли машинасини ушбу маҳалла ҳудудида ҳайдаб кетаётиб, бошқарувни уддлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган Шаҳноза Умурзоқова ва унинг қизи Сожида Соҳибжоновани уриб юборади.

Она-бола ўша заҳоти касалхонага келтирилди, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, ҳаётдан кўз юмишди. Таассуфким, фуқаро Марғуба Мусабоева хонадонининг келини бўлган Шаҳноза эндигина 25 ёшга кирган, унинг қизалоғи эса ҳали ёшига ҳам тўлмаган эди.

- Бу ҳудудимизда икки йил ичида автоҳалокат оқибатида рўй берган ўнинчи ўлим ҳолати, - дейди “Қизилқиёқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асқарали Раҳимов. – Ўтган 2017 йили юз берган 6 та автоҳалокатда 7 киши ҳалок бўлди, бу йил эса 2 та шундай бахтсиз ҳодиса оқибатида 3 кишидан ажралиб турибмиз. Бундай фожиалар кўп бўлаётгани учун 4-умумтаълим мактаби кўчасидан чиқишга светофор ўрнатиб беришларини сўраб, Янгқиқўрғон тумани ички ишлар бўлими ҳамда Наманган вилояти ИИБ идорасига мурожаат қилгандик. Афсуски, бу масала ҳозиргача ҳал бўлмагани йўқ, деб ёзмоқда Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир светофорнинг ўрнатилиши 70 миллион сўмга тўхтар экан. Тўғри, маблағни аввал топиш, сўнг талаб қилинган жойга сарфлаш лозим. Бироқ инсон ҳаёти ҳамма нарсадан устун-ку? Икки йил ичидаги 10 та ўлим ҳолати барчани ҳушёрликка чақириши, зудлик билан зарур чоралар кўришга ундаши лозим эмасми?

    Бошқа янгиликлар