Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Медиация тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.
Мазкур қонун 4 боб, 34 моддадан иборат бўлиб, унда соҳага оид асосий тушунчалар, принциплар ўрин олган. Медиация иштирокчилари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиацияни қўллаш ва медиация тартиб-таомилларини амалга ошириш, низоларни ҳал этиш каби масалалари қамраб олинган.
Қонун фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган, шунингдек, якка меҳнат низолари ва оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.
Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек, бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин.
Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.
Яна бир муҳим жиҳат – медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.






