Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ҳокимлик ҳузуридаги янги ташкил этилган “Жамоатчилик кенгаши” томонидан тадбиркорларнинг “Топ-500” форуми ташкил этилади. Форумнинг мақсади Тошкент шаҳар ҳокимлиги инвесторлар ва тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро ишончли, манфаатли ва амалий мулоқот ўрнатиш ва уни ривожлантиришдир.
ЎзА хабарига кўра, “Топ - 500” ҳамжамиятининг мақсади эса Тошкентни Марказий Осиёдаги энг гўзал ва нуфузли шаҳарга айлантиришдир.
Шу йилнинг 18 июнь куни “Топ-500” ҳамжамиятининг Форуми ўтказилади. Унда Тошкент шаҳар ҳокими в.б Жаҳонгир Ортиқхўжаев SWOT (кучли тарафлар, камчиликлар, имкониятлар ва хавфлар) бўйича таҳлилий маъруза қилади. Ушбу тадбир Тошкентнинг ботаника боғида ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, мазкур анжуманда Ўзбекистонда фаолият юритаётган элчихоналар вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.






