Туристлар орасида ҳали машҳур бўлмаган жойлар орасида Ўзбекистоннинг табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудлари ҳам бор. Туристлар учун уларни янада ўзига жалб этувчи ва қулай қилиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида “Узбекистан Тудей” мухбири Табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудлар соҳасида туризмни ривожлантириш бўйича халқаро эксперт Юрис Самлинскис билан суҳбатлашди.
Юрис Смалинскис – халқаро эксперт, Латвия қишлоқ туризмининг ассотсиацияси ходими. Юрис Латвия университетининг биология бўйича магистр даражасига эга, Латвия Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Вазирлигининг табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларда туризм масалалари бўйича маслаҳатчи, гидлик бўйича катта тажрибага эга. 2003 йилдан бери Видзем амалий фанлар университетида табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларда туризм, экологик туризм ва барқарор туризмни ривожлантириш соҳаларида интизом фанидан маъруза ўқийди. Юрис 250 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар, шунингдек, 50 дан ортиқ туристик қўлланма ва хариталарнинг муаллифи, кўплаб китобларга ҳаммуаллифдир. Саёҳатчи сифатида Смалинскис 60 та мамлакатда, жумладан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда бўлган. Юрис Ўзбекистонга биринчи марта келгани йўқ. Биринчи марта у тахминан ўн йил муқаддам биолог сифатида юртимизга келган, бизнинг чўл экотизимлари билан қизиққан. Бу сафар у Европа Иттифоқининг “Марказий Осиёда барқарор иқтисодий ривожланиш учун бизнес уюшмалари орқали қишлоқ ва экотуризмни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларда туризмни ривожлантириш бўйича тренер сифатида келди ва Ўзбекистон хусусий туристик ташкилотлари ассотсиацияси томонидан ташкил этилган тренингларни ўтказди.
– Турист, сайёҳ сифатида мен Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Мамлакатга аввалги ташрифим билан солиштирадиган бўлсак, биринчи қайд этиладиган жиҳат – бу виза режими, аэропортда божхона назоратидан ўтиш туристлар учун анча соддароқ ва қулайроқ бўлди. Бу сафар мен ушбу тартиб-қоидалар билан боғлиқ ҳеч қандай ноқулайликни бошдан кечирмадим. Шаҳарда кардинал ўзгаришлар юз берган, шаҳар янги тусга кирган. Эҳтимол, ўзбекистонликлар ўзгармагандир, улар ҳамон меҳмондўст. Ушбу сафар менга Ўзбекистонни янги томондан очиб берди. Табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларни бошқарувчи вазирликлар ва идоралар мутахассислари учун ўтказилган семинар-тренинглар олдидан биз Угом-Чотқол миллий табиат паркида бўлдик. Ажойиб манзаралар, гўзал табиат, табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун улкан имкониятлар. Бу деярли инсон қўли тегмаган табиат. Ва, албатта, меҳмоннавозлик. Сизнинг таомларингиз жуда мазали, меваларингиз серсув ва хушбўй. Бир сўз билан айтганда, дам олиш саноати ривожланиши учун катта имкониятлар мавжуд.
– Юрис, умуман олганда, туризм ва табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудлар – бу тушунчалар дунё тажрибаси нуқтаи назаридан бир-бирига мосми?
– Албатта, мос. Табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудлар учун туризм атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чоралари, ҳудудларни ободонлаштириш, паркларда ва унга яқин жойлашган аҳолининг қўшимча иш жойларини яратиш учун зарур бўлган даромад манбаи бўлиши мумкин.
– Табиий бойликларни муҳофаза қилиш-чи?
– Миллий парклар ҳудуди жуда катта ва бу ерда нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки туристлар учун ҳам жой етарли. Угом-Чотқол паркини олайлик, у ерда тобора йўқолиб бораётган Мензбур суғури ва қор барси яшайди. Уларнинг табиий яшаш жойлари – туристлар учун тақиқ остида, у ерга туристлар киритилмайди, агар бу парк мутахассислари билан биргаликдаги махсус экспедиция бўлмаса. Инсон ва инсон қадами етмаган табиат бир-бири билан бирлашиши мумкин. Бу қўшничилик ҳам туристлар, ҳам табиат учун қайғурадиган парк ходимлари томонидан таъминланади. Бутун дунёда шундай.
– Юрис, сиз Ўзбекистон ҳақида жуда яхши сўзларни айтдингиз. Лекин, келинг, энди суҳбатни биз учун фойдали томонга бурсак. Хорижий тажрибага асосланган ҳолда, сизнинг олдингизга Угом-Чотқол паркида туризмни ривожлантириш қўйилса, биринчи галда нима қилган бўлардингиз?
– Бугунги кунда маҳаллий ва хорижий туристлар учун жозибали ва қизиқарли бўлиши мумкин бўлган жуда кўп нарсалар сирли бўлиб қолмоқда.
Ўйлайманки, бугунги кунда Интернет бутун дунёдаги барча масалалар бўйича асосий маълумотномадир. Афсуски, Ўзбекистон табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларда туризм имкониятлари ҳақида мавжуд маълумотлар жуда кам. Угом-Чотқол табиий парки ҳақида турли манбаларда такрорланган учта ёки тўртта мақолани топамиз. Кўриниб турибдики, мавзу бир томонлама ёритилган. Турли қизиқишларга эга одамларни жалб қилиш учун турли хил нуқтаи назарларни ёритадиган парк ҳақида материалларга эҳтиёж бор. Кимдир кўл қирғоғида дам олиш, баъзилар тоққа чиқиш, кимгадир тоғлар бўйлаб саёҳат қилиш, яна кимдир қушларнинг куйлашини ёқтиради ва ҳ.к.
Паркдаги кириш жойларида мен ташриф-марказларни қурган бўлардим. Бу ерда дам олишга ташриф буюрувчилар қандай қилиб энг яхши дам олиш вақтини белгилашлари мумкин бўлади. Туроператорлар ва гидлар бу ерда максимал маршрутларни тақдим этиш учун ҳаракат қилишлари керак. Шу билан бирга, туристлар учун профессионал хизматлар бу ерда мавжуд бўлиши керак. Бунинг учун профессионал гидларни тайёрлашга алоҳида эътибор берилиши керак.
Ва, албатта, турар-жой биноларининг сонини сезиларли даражада кўпайтириш лозим. Улар ҳар хил дидли мижозларга мўлжалланган лагерлар, меҳмонхоналар бўлиши мумкин. Бу ҳолатда туристлар паркнинг ўзида ва унинг ёнида тунаши учун имконият яратиш керак.
– Кейин-чи? Мақсадга эришиш учун ишларни давом эттиринг, дейишганда, нима қилган бўлардингиз?
– Тасаввур чегара билмайди, иштаҳа овқат маҳали очилади. Ҳаётнинг ўзи нима қилиш кераклигини кўрсатади. Амалга оширилган натижаларни баҳолаб, туристлар билан мулоқот кейинги ҳаракатларга олиб келади. Шу билан бирга, пиарчилар, ташриф-марказлар ходимлари, туристик компаниялар вакиллари ва дам олиш ташкилотчилари табиатни муҳофаза қилиш вакиллари билан яқин ҳамкорлик қилишлари керак. Шуни унутмаслигимиз керакки, бу табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудлардир, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни таъминлаш керак.
– Айтинг-чи, бизнинг табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларимиз хорижий туристларни ўзига жалб эта оладими?
– Менимча, ҳа. Агар мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилса.
– Бунинг учун нима қилиш керак? Айтайлик, Латвиядан туристларни жалб этиш учун?
– Агар фақат Латвияга қараб ориентир олинса, нотўғри бўлар эди, чунки у аҳолиси кам мамлакатдир. Европага эътибор қаратиш керак – бу янада кўламли имконият. Сизнинг тоғларингиз европаликлар, айниқса, пасттекисликларда жойлашган мамлакатларнинг фуқаролари учун қизиқ бўлиши мумкин. Айтганча, Латвия шундай мамлакат, энг баланд тоғларимиз денгиз сатҳидан 300 метр баландликда. Бироқ туристни фақат тоғ манзараси билан жалб қилиб бўлмайди. Аммо бу масалани ҳал қилиш мумкин. Туристларни уларнинг мамлакати билан уйғунлик орқали жалб қилиш мумкин.
– Сизнинг фикрингизча, Ўзбекистонда табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларда туризм истиқболлари қандай?
– Ўйлайманки, яқинда Ўзбекистоннинг табиати муҳофаза қилинадиган ҳудудларига кўплаб маҳаллий ва хорижий туристлар ташриф буюра бошлайди. Хусусан, мен ўтказган семинарлар мамлакатингизда туризмнинг турли йўналишларини ривожлантириш бўйича иш олиб борилаётганига мисол бўла олади. Бу ишда Хусусий туристик ташкилотлари уюшмаси ва Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси халқаро ва хорижий ҳамкорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистон тажрибасига энг яхши амалиётларни тезкор жорий этишга ёрдам беради.






