8–9 июнь кунлари Канаданинг Квебек шаҳрида G7 саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган, деб хабар берди Рамблер нашри.
Бироқ мамлакат аҳолиси ушбу саммитни ўтказилишига қарши намойишлар ўтказишмоқда.
Юзлаб одамлар Квебек шаҳри кўчаларига чиқиб, саммитнинг ўтказилишига ва унга ташриф буюрадиган давлат раҳбарларига қарши намойишлар ўтказишмоқда. Улар учрашувни ўтказиш учун катта миқдорда маблағ сарфланаётганига қарши эканликларини таъкидлашмоқда. Кўп сонли аҳоли вакиллари турли ёзувлар туширилган плакатлар кўтариб олишган. 10 мингдан ортиқ ҳарбийлар хавфсизлик учун жалб қилинган бўлиб, бунинг учун миллионлаб доллар миқдорда маблағ сарфланган.
– Биз аскарларга беҳудага пул сарфланяпти, деб ҳисоблаймиз. G7 саммитида молия, иқтисод каби масалалар муҳокама қилиняпти, бироқ улар одамларнинг молиявий аҳволи ҳақида ўйламайдилар. Тинчлик хақида гапирадилар, аммо Суриядаги урушни тўхтатишга чора кўрмайдилар, – дейди намойишчилардан бири.
Мазкур саммитда АҚШ, Канада, Франция, Буюк Британия, Германия, Япония, Италия каби мамлакатлар раҳбарлари ҳамда Евроитиффоқнинг бир қанча аъзолари иштирок этишади. Ҳозирда барча иштирокчи раҳбарлар саммитда қатнашиши учун Квебек шаҳрига етиб келишган. Унда глобал савдо, миграция масаласи ва атроф-муҳит муҳофазаси каби масалалар муҳокама қилинади.






