АсосийJamiyat

Ўзбекистонда илк бор Абдулла Қодирийнинг “Тўла асарлар” тўплами чоп этилди

'Ўзбекистонда илк бор Абдулла Қодирийнинг “Тўла асарлар” тўплами чоп этилди'ning rasmi

«Биз жасорат сўрар эдик. Лекин, бериш қаерда қолған-қутқанини ҳам олмоқ муддаосида эдилар. Биз сўз эркинлиги сўрар эдик. Лекин, тилимизни тек-тугидан кесмоқчи эдилар. Жасорат биткан эди, тил кесилган эди».

Бу аччиқ ҳақиқатларни Абдулла Қодирий 1921 йилда ёзган эди. Қодирийни адибларимиз энг бахтиқаро ёзувчи дейишади. Чунки уни мустамлака ҳукумат таҳқирлади, қамади ва отиб ўлдирди. Яна уни энг бахтли ёзувчи деб ҳам аташади. Чунки, Қодирий қанча таҳқирланмасин йиллар оша унинг асарлари китобхонлар уйига, қалбига кириб бораверди. У Марказий Осиё миллатларининг севимли ёзувчисига айланиб бораверди.

Бугун 7 июнь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида Абдулла Қодирийнинг беш жилдлик “Тўла асарлар” тақдимоти ўтказилди. Унда таниқли адабиётшунослардан Иброҳим Ғофуров, Сайди Умиров, Баҳодир Ҳусанов, Баҳодир Карим, Усмон Азим, Шукур Қурбон, Сирожиддин Аҳмедов ва адибнинг авлодлари, невараларидан Хондамир, Ирфон, Шеркон Қодирийлар иштирок этди.

Адибнинг беш жилдлик тўла асарлар тўплами янги ва замонавий кўринишда нашр этилди. Тўпламни чоп этишга масъул бўлган Хондамир Қодирийнинг айтишича, ушбу тўпламни тайёрлашда бошқа нашрларда кузатилган адабиётшунос олимлар танқид остига олган хато ва камчиликлар бартараф этилган. Тўпламни адибнинг энг севимли асарларидан бири “Ўткан кунлар” очиб беради. “Меҳробдан чаён” кейинги жилдда берилган. “Диёри бакр” ва “Обид кетмон” асарлари ҳам ҳар бири алоҳида китоб сифатида жамланган. Якунловчи жилд “Адибни хотирлаб” деб номланиб, у мемуар сингари адибнинг замондошлари, издошлари, фарзандлари ва набиралари томонидан у ҳақда билдирилган фикрлар, архив материаллари ва хотиралар асосидаги воқеа ва фактларни жамлаган.

Шу давргача Абдулла Қодирийнинг асарлари бундай шаклда тўлиқ чоп этилмаган эди. Янги беш жилдликда китобхон аввал ўқимаган маълумотларни ҳам топиши мумкин. Адибнинг ўша вақтдаги ёзган мақола ва фельетонларида кўтарилган муаммолар бугунги кунимизда ҳам долзарблигича қолмоқда. Асарларнинг ҳақиқий баҳосини вақт белгилайди. Тарихимизнинг энг мураккаб, қийин даврларида ҳам “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” яширинча мутолаа қилинган, одамлар пана-пастқамларга, ертўлаларга беркитиб бўлсада бу асарларни сақлаганлар. Бугунги кунда ҳам Қодирийни ўқимаган инсонни адабиётга даҳлдор дейиш қийин. Китобхон борки, унинг энг севимли асари шубҳасиз “Ўткан кунлар”ни ўқиган. “Тўла асарлар тўплами” тақдимотида профессор Иброҳим Ғафуров сўзга чиқиб шундай деди: “Қодирий ҳақида кўп ёзилган, гапирилган ва ўрганилган. Бугун ёшларимиздан фақат Қодирийни ўқиб, англаб уни ўзлари учун кашф этишларини сўраб қоламан”.

Профессор Ғафуровнинг гапларида жон бор. Қодирий асарлари шунчаки китобжомдан жой олиб турадиган китоблардан эмас. Ўзини ватанпарвар деб билган киши Қодирийни ўқиб, англаб Ватанга нисбатан яна бир қат меҳри ошмаса, адибнинг куйиб ёзганларини англамаган бўлади. “Ҳақиқат бу очиқ сўзламоқдир”, деган эди Абдулла Қодирий. Беш жилдлик “Тўла асарлар тўплами”да Қодирийнинг аввал бизга етиб келмаган барча очиқ сўзларини топишингиз шубҳасиз.

    Бошқа янгиликлар