Тошкент ҳарбий округига қарашли Сирдарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда махсус бўлинмалар ўртасида бокс бўйича “Мудофаа вазири кубоги” чемпионати ўтказилди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Тўрт кун давом этган нуфузли мусобақада чарм қўлқоп усталари 6 вазн тоифаси бўйича беллашди. Мусобақанинг финал баҳсида 64 кг. вазн тоифасида куч синашган Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Шахбоз Қаландаров мезбон боксчи Достонбек Набиевга имкониятни бой берди. Шиддаткор ҳужумлар уюштирган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Ҳасанбой Муйдинжонов (69 кг.) муддатидан олдин муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскар Муҳаммаджон Муродовни енгиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Шунингдек, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Мирзаолим Неъматжонов (75 кг.), Исломбек Мўминов (81 кг.), Ғиёс Фозилов (91 кг.гача) ҳамда Шерзод Расулов (+91 кг.) ўз вазн тоифасида тенгсиз эканлигини исботлашди.

Турнир якунида ғолиб ва совриндорларга медаллар ҳамда Мудофаа вазири номидан фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. Умумжамоа ҳисобида ғолиблик эса 4 олтин медал жамғарган Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларига насиб этди. Ҳарбий жамоа “Мудофаа вазири кубоги” билан тақдирланди.






