Президент матбуот котиби Комил Алламжонов facebook’даги саҳифасида пойтахт метроси ҳақида ва ёшликдаги хотираларини ёзиб қолдирди.
Шунингдек, Комил Алламжонов фикрининг сўнггида Тошкент метрополитенида фотосурат ва видеога туширишга расман рухсат берилганини хусусида алоҳида тўхталган.
"Чин юракдан Тошкент метросини дунёдаги энг чиройли метро деб ҳисоблайман. Эсимни танибманки, ҳамиша метромизнинг нақшлари, меъморий ечимлари ва гумбазларини қизиқиш билан кузатаман. Телевидениеда ишлашни бошлаган кезларим, 17 ёшимда, метрода кўп юрганман.
Куннинг бир муҳим вақти бор эди – тунги 12-03. Мен шу вақтгача Навоий станциясигача югуриб етиб олишим, охирги поездга улгуришим керак эди. МТРК Пахтакор станцияси ёнида жойлашган бўлиб, кўпинча шу станцияга тушиб, бор кучим билан югурардим, ахир улгурмасам, эшиклар тарақлаб бекилиб қолиши мумкин эди. Метро графиги мени дурустгина югуришга ҳам ўргатиб қўйганди.
Мен Беруний станициясигача борардим. Бўшгина вагонда беш ёки олти йўловчи бўларди холос. Кўпинча йўлда ухлаб қолардим. Уйғотгич вазифасини эса «Беруний – охирги бекат» деган овоз бажарарди. Сакраб туриб, метродан чиқардим. Кейин эса 4 тагача ҳамроҳ тўплаб оладиган таксига ўтирардим. Эрталаб ҳам шу йўналишда ҳаракатланардим, ягона фарқи метрогача троллейбусда келардим. Тунда троллейбуслар юрмай қўйган бўларди-да. Уйга етиб олгач, овқатланишга-да ҳолим қолмай, тўшакка йиқилардим ва ўша заҳоти ухлаб қолардим. Кўп йиллар шундай режимда ишладим.
Метрода атрофни томоша қилишга ошно эдим – турфа нигоҳлар, ҳаёт тарзи ва дунёқарашга эга одамлар оқими ўзига мафтун этарди. Турли чехралар, хурсанд ва хорғин, серташвиш ва муаммосиз. Менга кузатиш, ўйлаш, фикрлаш ёқарди. Метронинг ғовур-ғувури, муҳити, ўзига хос ҳиди – ўша пайтга тегишли синов ва тажрибаларим, умид ва орзуларим даврининг муҳим белгиларидан. Мен баъзида станцияда соатлаб ўтирардим ва бу менга доим ёқарди".
Афсуски, менда ўша пайтлардан эсдалик суратлар йўқ. Аммо бугунги давр суратлари пайдо бўлди. Мен Тошкент метросининг гўзаллиги ва ҳашамати нафақат хотираларимизда, балки кўплаб фото ва видеоларимизда муҳрланиб қолишидан хурсандман. Суратга олиш ғоялари учун қандай зўр кенглик-а!"






