Барча олий таълим муассасаларида талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади.
Бу ҳақда Президентнинг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида назарда тутилди.
Қуйидагилар жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари этиб белгилади:
Таълим сифати, профессор-ўқитувчиларнинг билими ва педагогик маҳорати, талабаларга яратилган шарт-шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;
Олий таълим муассасаларига профессор-ўқитувчилар таркибига ишга қабул қилинаётган номзодлар бўйича тавсиялар бериш;
Талабаларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог кадрлар ҳақидаги фикрини тўлиқ ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш;
Олий таълим муассасасидаги таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва муассасанинг тегишли кенгаши муҳокамасига киритиш.
Жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасасидаги етакчиси томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Олий таълим муассасалари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқиш юклатилди.






