АсосийJamiyat

Жомда эски масжид ва аҳоли томида сақланаётган "хазина" аниқланди

'Жомда эски масжид ва аҳоли томида сақланаётган "хазина" аниқланди'ning rasmi

Нуробод тумани Жом қишлоғидаги эски масжиднинг таъмирлаш ишлари жараёнида токча тагидан газетага ўралган китоблар ва қўлёзмалар топилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан тарихчи олим Фахриддинхўжа Ашрафхўжаев бошчилигида Ўзбекистон Миллий университетидан манбашунос олимлар чақиртирилди. Олимлар китобларни нечинчи асрга тегишли эканлигини аниқлашди.

Фахриддинхўжа Ашрафхўжаев бошчилигидаги "Фидойи ёшлар экспедицияси" аъзолари топилма китобларни ўрганишга киришди.

Манбашунос олимнинг таъкидлашича, топилма китоблар Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикматлари», Тажвид қоидалари, Қуръон оятлари, Пайғамбарлар тарихи, Абдураҳмон Жомий ва Амир Темурнинг бобокалонига тегишли асарлар экан.

Шўролар давридан эсон-омон сақлаш мақсадида турли усуллар ёрдамида шундай дурдона асарлар эҳтиёт қилинган.


Мавҳум туюлган китобларнинг номлари тезда аниқ бўлганини кўрган аҳоли экспедиция аъзоларини уйларига таклиф қилишди. 1937-йилда таваллуд топган Мавлон бобо Жабборов, 71 ёшли Зебохон Қуддусова шулар жумласидан.

— Биз Қудратова Зубайда опанинг томида сақланаётган бир сандиқ нодир асарларни ўрганишга киришдик, - дейди "Фидойи ёшлар экспедицияси" аъзолари. Сандиқ ичида нодир асарлар сақланаётган экан.

Сувонов Луқмон ота ва Қудратова Зубайда аяларнинг хонадонидан чиқган бир сандиқ китобларга мутахассислар томонидан бирма-бир шарх бериб ўтилди.

Улар сандиқда Фиқҳ, Тафсиротул Солофий, Араб тили луғати, Амир Темурнинг она тарафидан боболари шайх Ғиёсиддин асарлари ва Мотрудийнинг Каломи имомиясининг 2 жилди сақланаётганлигини маълум қилишди.

Яна бир хонадонда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг "Фидойи ёшлар экспедицияси" тадқиқотни давом эттирди. Қабрдан топилган қўлёзмалар Ёшлар иттифоқи томонидан тадқиқ қилинди.

Жом қишлоғида яшовчи археолог ҳам ўз топилмалари билан экспедиция аъзоларини таништирди. Анчайин турдаги тангалар ичидан Македонский даврига тангалари ва муҳрлар сақланаётганлиги маълум бўлди.

«Фидойи ёшлар экспедицияси» аъзолари ўрганишларига кўра, масжид ўртасида жойлашган устун ҳижрий 1211-йилда уста Содиқов томонидан бунёд этилган.


Жом қишлоғида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ёшлар эски масжиддан кутубхона сифатида фойдаланиш ҳақида таклиф билан чиқишди.

- Умуман олганда масжид ҳам, кутубхона ҳам зиё маскани. Ҳатто илм олиш даражаси длядат амалларидан ҳам зийодароқ эътироф этилади. Шунинг учун ҳам ёш авлод бундайин илм масканларидан баҳраманд бўлиб, халқни корига ярайдиган, баркамол шахслар бўлиб етишиб чиқишса, ёмон бўлмайди, - дейди тадқиқот раҳбари Фахриддинхўжа Ашрафхўжаев.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши ушбу масжидда кутубхона ташкил этишни зиммасига олди.

    Бошқа янгиликлар