Германиянинг Гамбург шаҳрида жойлашган аэропортда электр тармоғи билан боғлиқ муаммо туфайли аэрапортда қисман эвакувация жараёни амалга оширилди, деб хабар бермоқда ТАСС нашри.
Гамбург аэропортида электр тармоғидаги юз берган айрим узилишлар сабаб йўловчилар бир қатор ноқулайликларга дуч келишган. Юзлаб одамлар божхона йўлаги, эскалаторлар ва ёпиқ дўконларда қолиб кетган. Мазкур ҳолат самолётнинг учиш-қўниш йўлагига ҳам таъсир кўрсатгани сабабли барча рейслар бекор қилинди. Аэропорт ижтимоий тармоқлар орқали куннинг барча қисмларидаги қатновлар бекор қилинганини билдирган.
– Биз тизим билан боғлиқ катта муаммога дуч келдик. Элекрт тармоғининг узилиши аэропортнинг барча фаолиятига таъсир кўрсатди. Афсуски, одамларни ўз манзилларига вақтида жўнатолмаймиз, – деди аэропорт мутасаддиларидан бири.
Ҳозирда муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Йўловчилардан эса бино ташқарисида кутиш талаб қилинмоқда. Уларнинг кўпчилиги мазкур ҳолатдан норози. Баъзилар эса ўз манзилларига бошқа йўллар орқали етиб олишга уринишмоқда.






