Бола кулса олам кулади, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, дунёда болаларнинг беғубор кулгусидан гўзалроқ қувонч йўқ. Фарзандлар чеҳрасидаги табассум боис бутун олам наздимизда мунаввар кўринади.
Ер юзининг барча ҳудудларида ҳам болалар тақдирига бўлган эътибор талаб даражасида деб бўлмайди.

Ҳанузгача болалар ҳуқуқлари поймол этилмоқда, уларнинг мурғак жисму жонлари азобда. Ўтган асрнинг биринчи ярми, аниқроғи, 1949 йили Хотин-қизларнинг Халқаро демократик федерацияси томонидан ташкил этилган сессияда ана шундай машаққатларнинг олдини олиш мақсадида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида эълон қилинди ва дунё жамоатчилигининг фикру зикрини болалар қисматига қаратиш сари дадил қадам қўйилди. 1950 йилга келиб эса 51 та давлатда 1 июнь – болаларни асраб-авайлаш, ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга инсонпарварлик ёрдамини бериш башариятнинг асосий бурчларидан бири эканини эслатиб турувчи санага айланди.

ЮНИСЕФ маълумотига кўра, ҳозир кўплаб болалар жисмоний ва руҳий тазйиқ одатга айланган оилаларда истиқомат қилишади. Бундан ташқари, ҳар ўнинчи бола катталарнинг бешафқат ҳаракатлари қурбонига айланмоқда.
Хусусан, Америкада болаларнинг турли хил ахборотлар оқими таъсирида ёт қарашлар таъсирига тушиб қолаётгани, ҳали ҳам у ерда миллатчилик ва ирқчиликнинг айрим қирралари кўзга ташланаётгани ва бундан болакайлар азият чекаётгани катта муаммолардан бири бўлиб турибди.

Жаҳон оммавий ахборот воситалари кейинги ўн йилда дунёда содир этилаётган ҳарбий тўқнашувлар натижасида 2 миллиондан зиёд вояга етмаган болалар қурбон бўлганини, 10 миллиондан зиёд мурғаклар эса турли даражада тан жароҳати олганини таъкидламоқдалар.
Асрлар давомида юз берган қонли урушлар тарихини таҳлил этсак, кўз олдимизда бағоят даҳшатли манзара пайдо бўлади. Ўтган 5 минг йил мобайнида дунё халқлари 14 минг 500 та катта ва кичик урушларга гувоҳ бўлибди. Бу урушлар камида 3 миллиард 600 миллион кишининг ёстиғини қуритганини тарихчилар бот-бот такрорламоқдалар. Энг ачинарлиси, ана шундай урушларда энг кўп азият чекканлар инсоният келажаги бўлмиш болалар ва аёллар бўлди.

Одатда ҳимояга, ёрдамга ёки алоҳида ғамхўрликка муҳтож ана шу табақа вакиллари ҳаётини ташвишлардан ҳоли этиш, улар осмонини қора булутлардан тозалаш ҳар доим ҳам муқаддас бурч бўлиб келган. БМТнинг халқаро болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ана шу навқирон авлод турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларни турли офатлардан асраш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Жаҳон ҳамжамиятининг қашшоқлик ва очликни тугатиш, саводсизликка барҳам бериш, қочоқлар муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари биринчи галда болалар тўғрисидаги ғамхўрлик ифодаси, албатта. Зеро, юқорида тилга олинган иллатлар, аввало, жаҳон болаларининг ҳаётини издан чиқармоқда.
Афсуски, ХХ аср саҳнасида юз берган ҳар икки жаҳон уруши, она заминимизда бўлиб ўтган ва ҳозир ҳам давом этаётган кўп сонли урушлар ва ҳарбий тўқнашувлардан биринчи галда болалар жабр кўрмоқдалар. Охирги ярим аср мобайнида халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор конвенцялар қабул қилинганига қарамай, ҳимоясиз болалар ва аёлларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиш, уларни зўрлаш, қийнаш ва ўлдириш, аксарият ҳолларда ёш болаларни урушга ёллашдек оғир иллатларга ҳар қадамда дуч келинмоқда. Шу кунларда ҳам дунёнинг қатор ҳудудларида сайёрамиз ҳаётига хавф солаётган маҳаллий ва этник урушлар, миллий низолар давом этаётгани афсусланарли хатодир.

Айниқса, шу кунларда Африка ва Осиёнинг айрим мамлакатларида авж олган ички ҳарбий тўқнашувларни кўз олдимизга келтирсак, даставвал, гўдаклар тақдирини издан чиқараётган даҳшатли ва аянчли ҳолат ёдимизга тушаверади. Таъкидлаш керакки, II жаҳон уруши якунланганидан бери то шу кунгача 150 дан ортиқ маҳаллий ва этник низолар, кенг миқёсдаги можаролар юз берди. Бу жангу жадалларга 8-9 ёшли болаларнинг ҳам жалб этилаётгани кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти. Келинг, шу ўринда айрим мисолларга мурожаат қилайлик. Умумий маълумотларга қараганда, кейинги 10 йил мобайнида дунёнинг 41 мамлакатидаги қуролли тўқнашувларда 300 мингга яқин болалар иштирок этган. Аммо бу рўйхат унчалар тўлиқ эмас. Чунки БМТ фақат Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилинган “қайноқ нуқталар”даги вазиятни ҳисобга олган, холос.
Болаларни урушга жалб этаётган мамлакатлар сифатида Афғонистон, Бирма, Колумбия, Бурунди, Конго Демократик Республикаси, Либерия, Сомали, Судан, Чад сингари давлатларнинг номлари алоҳида тилга олинаяптики, можаронинг тўхтовсиз давом этаётгани оқибатида ана шу мамлакатларнинг аксариятида уруш тарбиясини кўрган янги бир авлод шаклланиб улгурди. Улар учун ўқиш, таълим олиш, ишлаб чиқариш билан шуғулланиш, бунёдкорлик туйғулари ёт ҳодисага айланди.
Таъкидлаш керакки, бошқа турдаги зўравонликлар ҳам болалар учун ёт эмас. Айрим давлатларда ёш авлод вакиллари учун мактаб эшиклари умуман ёпиқлиги, 1 миллиарддан ортиқ одамларнинг саводсизлиги, уларнинг аксариятини эса болалар ташкил этаётгани бунинг исботидир. Ҳатто айрим ривожланаётган мамлакатларда мактабга жалб этилган болаларнинг 60 фоизи турмуш қийинчиликлари туфайли ўқишдан кетишга мажбур бўлаётгани, ҳар йили сайёрамиз бўйлаб 20 миллион гўдакнинг турли хасталиклардан нобуд бўлаётгани эса вазиятнинг нақадар аянчли эканини кўрсатиб турибди. Таҳлилчиларнинг изоҳлашича, ҳар йили ер юзида 10 миллион нафар қиз 18 ёшга тўлмай турмушга узатилаётган бўлса, 16 миллион нафар вояга етмаган ўсмир қиз она бўлаяпти.

Ҳар йили сайёрамизда 14 миллион гўдак очлик ва турли касалликлардан нобуд бўлаётган, ривожланаётган мамлакатларда эса мактабга жалб этилган болаларнинг 60 фоизи турмуш қийинчиликлари туфайли ўқиш имкониятидан маҳрум бўлаётган бир пайтда Ўзбекистонда миллиард-миллиард маблағ янги авлод вакилларининг камолотига сарфланмоқда.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА






