6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси доирасида ўзбек санъат усталарининг концерт дастури ҳам жой олган. Жумладан, конгресс доирасида ўтадиган концерт дастурида Ялла” ансамбли иштирокчиларнинг дилларини ўз қўшиқлари билан хушнуд этиши режалаштирилган.
Нуфузли маданий анжуман олдидан Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
— “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Халқаро Конгрессига катта тайёргарлик кўрилаётганидан хабарим бор. Бу анжуман ўтган йили юртимизда жуда муваффақиятли ўтказилган эди. Умуман, Ўзбекистон санъатига, маданий меросига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон ушбу анжумандан, унинг ўтказилишидан фахрланмай қолмайди. Мен дунё кезган, бой маданий меросга эга юрт фарзанди сифатида шуни айтмоқчиманки, бизнинг ҳам илмий, ҳам тарихий меросимиз дунёда тенгсиз. Бугун бу гапни бутун дунё ҳам тан оляпти, десак янглишмаймиз.
Ушбу анжуман халқлар ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлайди, бизни уларга яқиндан танитади. Конгресс Санкт-Петербургда ўтказилиши бежиз эмас. Бу шаҳардаги музейларда қанчадан қанча бойликларимиз сақланмоқда. Улар ҳақида маълумотлар жамланиб, тўпламлар тайёрланганилиги ва уларнинг катта тақдимоти, менимча, бу жуда катта меҳнат, жуда катта иш. Келгусида ҳам бу каби тадбирлар кенг қулоч ёйишини истаб қоламан, ташкилотчиларга эса алоҳида ташаккурлар билдираман.






