АсосийJamiyat

АҚШнинг машҳур шифокори, ватандошимиз Жолдас Қулжоновни соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонга қайтара оладими?

'АҚШнинг машҳур шифокори, ватандошимиз Жолдас Қулжоновни соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонга қайтара оладими?'ning rasmi

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов АҚШнинг етакчи клиникаларидан бири — Сент-Луис университетининг Ортопедик жарроҳлик департаменти раҳбари, таниқли мутахассис, ватандошимиз Жолдас Қулжонов билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда ушбу давлатга амалга оширган тарихий ташрифи ўзаро муносабатларда янги саҳифа очгани алоҳида таъкидланди.

Машҳур шифокор Юртбошимизнинг тиббиёт соҳасига қаратаётган юксак эътибори, хусусан, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш борасида олиб бораётган оқилона сиёсатини алоҳида эътироф қилди. 2017 йил бошида Президентимизнинг хорижда фаолият олиб бораётган малакали шифокорларимизни юртимизга қайтариш бўйича берган топшириқлари, шу асосда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли юзга яқин тиббиёт мутахассиси Ўзбекистонга қайтганини мамнуният билан қайд этди.

Ж.Қулжонов, ўз навбатида, кўплаб ватандошларимиз қатори мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, билим ва тажрибасига таяниб, мамлакатимиз тиббиёти ривожига ҳисса қўшиш, давлатимиз раҳбарининг эзгу даъватларига “лаббай” дея жавоб беришга доимо тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, Ж.Қулжонов Ўзбекистонда мўлжаллаган катта ишларининг бошланиши сифатида шу йилнинг 23 июнь – 3 июль кунлари Сент-Луис ва Сан-Диегодаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидаги нуфузли нейрохирург, нейрофизиолог, уролог, травматолог-ортопед ва бошқа шифокорлар гуруҳларининг мамлакатимизга ташрифини амалга оширишини билдирди.

Маълумот учун: Жолдас Қулжонов асли нукуслик бўлиб, 1989 йилгача Никарагуада ва “Пахтакор” футбол клуби шифокори сифатида фаолият юритган. 1989 — 1995 йилларда Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг травматология ва ортопедия бўлими раҳбари бўлиб ишлаган. Ўшандан буён тажрибали травматолог-ортопед Америка Қўшма Штатларда фаолият кўрсатмоқда.

У айни пайтда АҚШда йилига 700 дан зиёд энг мураккаб операцияларни муваффақиятли ўтказиш билан бирга, университет клиникасида қатор давлатларнинг травматолог-ортопедларига таълим беради, дунёнинг нуфузли тиббиёт марказларида маҳорат дарслари олиб боради. Ж.Қулжонов беш маротаба АҚШда йилнинг энг яхши шифокорларидан бири сифатида эътироф этилган.

    Бошқа янгиликлар