Фарғонада ўқувчи ҳайдовчига пичоқ билан таҳдид қилиб, автомобилни олиб қочган, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
Қайд этилишича, 28 май куни номаълум шахс Бозорбоши кўчасида яшовчи И.А. бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинага йўловчи сифатида ўтириб, Фаровонлик кўчасига етиб келганида номаълум шахс ҳайдовчи И.А.нинг ўнг қўл кафт ва бўйин қисмига пичоқ билан уриб тан жароҳати етказиб, уни автомашинадан тушириб юбориб, автомашинани номаълум томонга ҳайдаб қочган.
Натижада И.А. касалхонага ётқизилган. Олиб борилган қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятни Сайилгоҳ кўчасида яшовчи 6-сонли ўрта мактабнинг юқори синф ўқувчиси Ж.Т. содир этганлиги аниқланиб, у автомашинани Фарғона шаҳрида ҳайдаб кетаётганида ушланган.






