Шу йилнинг 27 май кечги соат иккиларда Дашўғуз вилоятини табиий офат эгаллаб олди, дея хабар беради минтақадаги мухбирлар.
"Шимолий ғарбдан сониясига 20 метр тезликда эсган шамол туз-қум бўронини келтириб чиқарди. Туз пахта ва ғалла далаларини ва мевазор боғларни қамраб олди. Кўчалар туз билан қопланди, ҳамма ёқ оппоқ тузга бурканди. Туз-қум бўрони Орол томондан келди", - дейилган ЎзА хабарида.
Дашўғуз вилояти Туркманистонинг экологияси яхши бўлмаган минтақаси ҳисобланади. Бу вилоятда Орол денгизининг қуриб бориш оқибатлари кучли сезилади. Бу минтақада туз-қум бўронлари мунтазам кузатилади.
Туз бўрони якшанба куннинг иккинчи ярмига қадар давом этган.
Эслатиб ўтамиз, 26 май куни Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразмда кучли қўмли бўрон кўтарилган ҳақида хабар берган эдик.








