Бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон стол тенниси федерацияси билан навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференция ўтказилди. Йиғилишда МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ходимлари иштирок этди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий масала ташкилотга янги президент сайлашдан иборат эди.
Сир эмаски, стол тенниси бўйича Осиё мамлакатлари вакиллари дунё миқёсида етакчи ҳисобланадилар. Уларга рақобат туғдириш борасида манаман деган давлат вакиллари ҳам яхшигина қийинчиликка дуч келадилар. Аммо, бугунги кунда спортнинг ушбу тури тараққий этган мамлакатлар даражасига кўтарилиш, ўзбек спортчиларини улар билан тенгма-тенг рақобатга тайёрлаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
"Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда, собиқ спортчи, мураббий, шу кунгача стол тенниси федерациясида бош котиб лавозимида фаолият юритиб келаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Саида Саидикромовна Маҳмудова номзоди ташкилот раҳбарлигига таклиф этилди. Делегатлар бир овоздан С.Маҳмудова номзодини қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, Саида Маҳмудова Ўзбекистон стол тенниси федерацияси президенти этиб сайланди", - деийлади МОҚ хабарида.
Саида Маҳмудова ўзига билдирилаётган ишончни оқлаш учун бор имкониятини ишга солишини маълум қилди.






