Жанубий Кореянинг "Hyundai" компанияси Шимолий Кореяга сармоя киритиш йўлларини ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ тузди.
Сал аввалроқ расмий Вашингтон АҚШ компаниялари келажакда Шимолий Кореяда лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этиши мумкинлиги маълум қилганди.
Вашингтоннинг юқори мартабали дипломати Майк Помпео якшанба куни АҚШ хусусий компанияларига агар Шимолий Корея ядро қуроли дастуридан воз кечса энергетика тармоғи ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига сармоя киритишга рухсат берилишини билдирган эди. Аммо у АҚШ ҳукумати Шимолга пул сарфламаслигини айтиб ўтар экан, фақат хусусий компаниялар маблағ ажратишини таъкидлаган.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича "Hyundai" компанияси Жанубий Корея ҳукуматидан Шимолий Кореяда жойлашган чегарага яқин Kaesong саноат мажмуаси ишини тиклашни сўраган. Ушбу саноат мажмуаси 2004 йилда очилган бўлиб, 50 мингдан ортиқ шимолликлар меҳнат қилишган ва Жанубий Корея фирмаларига маҳсулот етказиб беришган. Аммо, мажмуа 2016 йилда Шимолнинг ядровий синови ва ракета учиргани сабабли ёпилган.
"Hyundai", шунингдек, Кумганг тоғли курорт ҳудудини қайта тиклашни ўрганмоқда. Бу объект Шимолий Корея аскари томонидан Жанубий Кореялик меҳмонни отиб ўлдирганидан сўнг 2008 йилдан бошлаб хорижликлар учун ёпиб қўйилган эди.
16.05.2018 10:49
Жанубий Корея компаниялари Шимолга сармоя киритиш ниятида, фақат...






