Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг фожиали ўлими билан боғлиқ воқеадан кўпчилик хабардор. Шу йилнинг март ойида ободонлаштириш ишларига жалб этилган ўқитувчилардан бири бўлган бу аёл катта юк машинаси уриб юбориши натижасида олган тан жароҳати туфайли вафот этган эди.
Диананинг ўлимида айбдор шахслар устида суд ҳукми ўқилди. Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, жиноят ишлари бўйнча Самарканд вилоят судининг 2018 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, Мусохон Музаффаровга Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан, Жиноят кодекси 45-моддасини қўллаб, бир йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда муддати икки йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган, деб ёзади ЎзА.
Алишер Жуманазаровга Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан, Жиноят кокдекси 45-моддасини қўллаб, бир йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда муддати икки йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилган.
Суд ҳукмида қайд этилишича, Каттақўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган М.Музаффаров ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқиб, туман халқ таълими бўлими мудири А.Жуманазаровга таълим муассасалари ходимларини уларнинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларга, яъни автомобиль йўлининг четларини бегона ўтлардан тозалаш, дарахтларни ва йўлнинг қатнов қисмини иккига бўлувчи бетон тўсиқларни оқлашни топширган.
Д.Еникеева эса ушбу топшириқни бажараётганда фоижали равишда қурбон бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 2018 йил 1 майдаги ҳукмига кўра, Диананинг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисасини содир этган Акромжон Элмуродов Жиноят кодекси 266-моддаси 2-қисми уч йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Шунингдек, жабрланувчи А.Еникеев томонидан киритилган даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, А.Элмуродов ҳисобидан жабрланувчи А.Еникеев фойдасига 19,7 миллион сўм моддий ҳамда 25 миллион сўм маънавий зарарлар ундириш белгиланган.
Суд ҳукмига кўра, жиноят ишининг Самарқанд вилоят ИИБ ИҲХБ ходимларига оид қисми алоҳида ажрим билан материал тариқасида ажратилиб, туман прокуратурасига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани суди томонидан чиқарилган ҳукмдан норози бўлган маҳкум А.Элмуродов ва унинг ҳимоячиси томонидан апелляция тартибида шикоят аризаси 2018 йил 4 май куни берилган ҳамда ушбу шикоят расмийлаштирилиб, жиноят иши апелляция судлов ҳайъатида кўриш 2018 йилнинг 22 май кунига тайинланган.
14.05.2018 19:00
Диана Еникееванинг ўлимига сабабчи бўлган шахслар устидан суд ҳукми ўқилди






