Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида хабар қилинди.
Қарорга мувофиқ Олмалиқ шаҳрида “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг (Россия Федерацияси) Олмалиқ шаҳрида филиали ташкил этилди.
Филиалда республиканинг ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрланади.
Филиалда ўқитиш Ўзбекистон таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда “МИСиС” МТТУ томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар бўйича амалга оширилади.
Абитуриентларни қабул қилиш ва Филиал битирувчиларининг аттестацияси “МИСиС” МТТУ томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.
Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган “МИСиС” МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.
Филиалга 2018/2019 ўқув йили учун таълимнинг кундузги шакли бўйича қабул квотаси жами 150 киши, жумладан, бакалавриатнинг “Кончилик иши” таълим йўналиши бўйича 75 киши, “Металлургия” таълим йўналиши бўйича 50 киши, “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)” таълим йўналиши бўйича 25 киши этиб белгиланди.






