Ўзбекистон давлат органлари вакилларидан иборат делегациянинг Хитойга сафари доирасида High-tech саноат зонаси раҳбарияти ҳамда Хунань вилоятининг маъмурий маркази саналмиш Чанша шаҳрининг ҳокими билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида келишиб, икки мамлакат ўртасидаги инновацион ривожланиш бўйича муносабатларнинг муҳим жиҳатларини аниқлаб олдилар.

Чанша шаҳри ҳокимижаноб Ли Цяохон, Хунань вилояти ҳам, шаҳарнинг ўзи ҳам технопарклар ва саноат зоналари маркази эканлигини таъкидлади. Бундай марказларнинг асосий йўналиши мамлакатнинг барча соҳаларини, айниқса, саноат, АКТ, қишлоқ хўжалиги ва биотиббиёт соҳаларини технологик ва инновацион жиҳатдан ривожлантиришдир.
“Биз учун Ўзбекистон стратегик ҳамкор бўлиб, мамлакатингизда кечаётган барча ўзгаришлар, жумладан, Президентингиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатингизга сармоя киритиш учун қулайликлар яратмоқда, шунингдек узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга ишончимизни орттирмоқда. Биз технопаркларимиз ва саноат зоналаримиз вакилларини қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва инновацияларни ривожлантириш учун Ўзбекистонга жўнатиб, давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга ҳиссамизни қўшамиз”, – деди Чанша шаҳри ҳокими.

Ўз навбатида делегациямиз раҳбари, Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Умаров мамлакатимиз инфратузилмасининг турли йўналишларида инновацион ечимларни жорий қилишни бошлайдиган ва уларни ривожлантирадиган 100 дан зиёд илмий-тадқиқот институтлари, ташкилотлар ва бошқа бирлашмалар мавжудлигини таъкидлади.

“Биз хитойлик ҳамкасбларимизнинг тажрибаларини ўрганиб, инвестициялар ва ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратишга шаймиз. Ўзбекистон халқимиз ва давлатимиз гуллаб-яшанаши учун хизмат қиладиган янги ғоялар ва ислоҳотлар учун ҳамиша очиқ. Мамлакатимиз инфартузилмасини ва аҳолимиз турмушининг яхшиланишига хизмат қиладиган механизмлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган қўшма илмий лабораториялар яратиш учун инновацион марказларниюртимизга таклиф қиламиз”, – деди Бахтиёр Умаров.

Қайд этиш жоизки, мазкур ташрифHuawei компанияси томонидан давлат органлари бошқарувини мукаммаллаштириш ва Ўзбекистон аҳолисига кўрсатилаётган хизматларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон давлат органлари вакиллари учун ташкил этилган. Huawei компанияси, шунингдек, Ўзбекистон саноатининг турли соҳаларига инновацион ечимларни тадбиқ қилишга кўмак беради.






