Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.
Боғ байрамона безатилган. Саҳна ортидаги мониторда халқимизнинг уруш даврида кўрсатган матонати ва жасорати, ёвқур ўғлонларининг мислсиз қаҳрамонликлари акс этган лавҳалар намойиш қилинади. Мардлик, озод Ватан, тинчлик тараннум этилган шиорлардан юраклар жунбушга келади.
Боғ ичидаги майдонда 1941-1945 йиллардаги муҳит акс этган. Қўмондонлик штаби, окоп ва блиндажлар, тиббиёт пункти, дала ошхонаси қурилган, Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий техника, қурол-аслаҳа намуналари жойлаштирилган. Жанг майдонларида аскарларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, урушдан қайтмаган минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, ота-боболаримизнинг фронт орти меҳнат фаолияти акс этган.
09.05.2018 05:54
Пойтахтимиздаги Ботаника боғида байрам тадбири бўлиб ўтмоқда (онлайн трансляция)






