АсосийDunyo

Жанубий Корея раҳбари тинчлик масаласида Япониядан умидвор

'Жанубий Корея раҳбари тинчлик масаласида Япониядан умидвор'ning rasmi

Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин "Иомури" газетасига берган интервьюсида Японияни Шимолий Корея билан муносабатларни яхшилашга чақирди.

Мун Чже Иннинг таъкидлашича, минтақада тинчликни таъминлаш учун аввало Япония ва Шимолий Корея ўртасидаги мулоқотни тиклаш лозим. Ва бу Корея ярим оролини ядроқуролсизлантириш жараёнидан олдин бошланиши керак. Қолаверса, яқинда бўлиб ўтган Корея давлатлари саммитида ҳам КХДР раҳбари Ким Чен Ин исталган вақтда Япония билан мулоқот ўтказишга тайёр эканини билдириб ўтган.

Корея Республикаси раҳбарининг сўзларига кўра айни дамда Корея ярим оролида ижобий маънода "глобал-тарихий ёриқ" (Мун Чже Ин КХДР билан боғлиқ минтақавий муаммоларнинг силжий бошлаганини назарда тутмоқда) бошланган. Жараённинг давом этишида эса Япония муҳим роль ўйнайди. Шу боисдан у Корея ярим оролида тинчлик ва хавфсизлик тўла-тўкис таъминланишида Япониянинг фаол қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорлигига умид боғлайди.

    Бошқа янгиликлар