Жорий йилнинг 6-май куни Ўзбекистон ҳамда Туркияда таҳсил олаётган Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги «Дўстлик лойиҳаси» доирасида Ўзбекистон ёшлар умужаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакилини сайлаш ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси масъул ходимлари, шунингдек, Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Мазкур учрашув доирасида Ўзбекистон Ёшлар умужаҳон ассоциациясининг раиси Муродилла Алимбаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов ҳамда Туркияда магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар, ёш олимлар иштирок этдилар.

Ушбу йиғилишда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ва таълим соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарилганлигини, хусусан, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралар ҳамда келишувлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон Ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакили этиб Эргаш Жумаев сайланди. Эргаш Жумаев билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, Туркиядаги Ўзбекистон ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда уларнинг ўз мутахассисликлари бўйича зарур кўникмаларни эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилишида кўмаклашишга ҳаракат қилишини таъкидлаб ўтди.

Кун тартибидан Ўзбекистонлик ёшлар учун махсус ўқув-семинарлар ташкил этилиб, мазкур семинарлар таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида 3 та йўналиш бўйича олиб борилди. Биринчи йўналиш, «Тадбиркорлик ва тадбиркорликда муваффақият» мавзусида бўлиб, уни профессор Рамазан Акташ олиб борди. Маъруза давомида Туркиянинг бугунги кундаги иқтисодий ҳолати, унинг хорижий мамлакатлар хусусан, Ўзбекистон билан халқаро иқтисодий муносабатлари алоҳида ёритиб берилди. Жумладан, Туркияда ҳозирги кунда 3600000дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд бўлса, уларнинг 99 фоиздан ортиғини кичик ва ўрта ҳажмдаги ишлаб чиқариш (COBE) ташкил этиши тўғрисида маълумот берилди.

Ривожланган мамлакатларда тадбиркорлик учун энг муҳим жиҳат сифатида, биринчидан, иш ғоя, иккинчидан, сармоя ҳамда учинчидан, network (алоқа) эканлиги аниқ мисоллар асосида тушунтириб берилди. Иккинчи йуналиш, «Оммавий ахборот ахлоқи ва ижтимоий ахборот» мавзусида ташкил этилиб, уни «Анадолу» агентлигидан таклиф этилган мутахассислар олиб бордилар. Мазкур семинар давомида махсус тайёрланган тақдимот материаллари аудио, видео ва визуал кўринишдаги тарқатма материаллар ёрдамида ривожланган мамлакатлардаги оммавий ахборот ахлоқининг муҳим жиҳатлари ёритиб берилди.

Ижтимоий ахборот алмашинуви соҳасида оммавий ахборот воситалари хусусан, телевидение ҳамда интернет тармоғи муҳим аҳамият касб этиши ва бунда ахборот хавфсизлиги ҳамда унинг шаффофлигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Учинчи йўналиш, «Муҳандисликда иш соҳасини ривожлантириш. Хориждан имтиёзлар. Техник лойиҳа» мавзусида бўлиб, мазкур мавзу кўпчилик тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бугунги кунда муҳандисликда соҳасини ривожлантириш, хусусан ҳар бир йўналиш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш ва бу борадаги ишларни ривожлантиришда хорижий инвестицияларни жалб этиш масаласи АҚШ, Япония, Германия ҳамда Франция каби ривожланган мамлакатлар мисолида тушунтириб берилди. Айниқса, техник лойиҳа ва унинг моделлаштириш тартиби ўзбекистонлик ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Барча йўналишлар бўйича ташкил этилган семинарлар сўнгида қизиқарли савол-жавоблар, музокаралар, баҳс ва мунозаралар ёшларнинг мавзуларга бўлган қизиқиши ортишига сабаб бўлди.
Кун давомида Истанбул шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташрифлар ташкил этилиб, турли маданий тадбирлар ҳам уюштирилди.






