Генерал Собир Раҳимовнинг 2011 йилнинг январида Ғофур Ғулом боғига кўчирилган ҳайкали олдинги жойига қайтарилади.
"Собир Раҳимов ҳайкалининг қайтарилиши – тарихий адолатнинг қайта тикланиши бўлади", - деди Шавкат Мирзиёев 2 май куни Наманган вилояти Норин туманида бўлиб ўтган фаолллар йиғилишида.
Эслатиб ўтамиз, Собир Раҳимов тумани 1970 йилда ташкил қилинган, генерал Собир Раҳимов ҳайкали эса туман ҳокимияти биноси қаршисида 1981 йилда очилган эди. 2010 йилда туман ва метро бекати номи “Собир Раҳимов”дан “Олмазор” деб ўзгартирилган эди.
Маълумот учун: Собир Раҳимов 1902 йилда Тошкентда туғилган. 1941-1945 йилларда жангларда иштирок этган, бир неча бор яраланган. 1944 йилда иккинчи Беларус фронтининг 65 армияси 37-гвардиячи ўқчи дивизия қўмондони этиб тайинланган эди.
Генерал Собир Раҳимов 1945 йилнинг март ойида жангларда қурбон бўлган. Собир Раҳимов Тошкентда дафн этилган. 1965 йилда унга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган эди.