Хабар бериб ўтганимиздек, Осиё Олимпия Кенгаши ва Миллий олимпия қўмиталари халқаро ассоциацияси президенти Шайҳ Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах бугун пойтахтимизга етиб келди.
Мартабали меҳмон бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ҳам ташриф буюрди, бу қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Ал-Сабахни МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроиловлар кутиб олди. Сўнгра томонлар иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида мутасаддилар ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш, алоқаларини кенгайтириш каби масалаларга тўхталиб ўтишди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари эса ўзбек спортида рўй бераётган ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги янгиликлар ҳусусида ҳам гапириб берди. Бу борада Испания футбол федерацияси билан меморандум имзоланганлиги, Тошкентда «Реал» академияси филиали очилаётганлиги ҳақида маълумот берди. Шу билан биргаликда, ўзбек спортида ҳали кўплаб янгиликлар, ислоҳотлар қилинишини айтиб ўтди.
Суҳбат давомида Ал-Сабах Умид Аҳмаджоновни 13-15 май кунлари Швейцариянинг Лозанна шаҳрига таклиф этди.
Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов мартабали меҳмонларга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғаларини топширди.
Ташриф якунида Ал-Сабах оммавий ахборот воситалари учун интервью берди.
Шайҳ Аҳмад Ал Сабах эртага, 29 апрель куни Тошкентдан Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрига жўнаб кетади.

















