Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари хонадонларига уюштирилган йўқлов тадбирлари қарияларнинг кўнглини тоғдек кўтарди, деб ёзади ЎзА.
Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Биз ҳамиша сизлар билан!” шиори остида ўтказилган хайрия акциясининг дастлабки кунида партия вилоят кенгаши раҳбарияти ва фаоллари Наманган шаҳрида яшовчи Низомжон Сатторов, Маматтош Паттаев, Сергей Крюков, Жабборхон Содиқов, Виктор Худяков, Шарифжон Нуриддинов каби уруш қатнашчилари хонадонида бўлиб, эл-юрт тинчлиги йўлида кўрсатган жасоратлари учун самимий эҳтиром кўрсатди. Меҳр-оқибатга йўғрилган қайноқ дил изҳорлари ва беминнат совға-саломлардан нуронийлар қалби қувончга тўлди.

"Биз кўрган уруш бутун инсоният келажагига қаратилган таҳдид бўлиб, ундан ҳеч ким четда туриши мумкин эмас эди. Чунки, фашизмнинг мақсади қора эди. Шунинг учун бу урушда қанчалик даҳшат ва азобларни бошдан кечирган бўлсак ҳам, ана шу қора ниятни барбод қилишга ҳисса қўшганимиз бизга таскин беради. Президентимиз, халқимиз томонидан кўрсатилаётган бугунгидек ҳурмат-эҳтиром ва ғамхўрликлар эса қалбимиз жароҳатига малҳам бўлмоқда. Туну кун дуодамиз, илоҳим юртимиз тинч бўлсин, авлодларимиз уруш кўрмасин!", – дейди Низомхон ота Сатторов.
Шунингдек, партия вилоят кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев уч кунга мўлжалланган хайрия акцияси давомида Мингбулоқ, Косонсой, Наманган, Норин туманларида яшаётган яна ўнлаб уруш фахрийлари хонадонларига ташриф буюришлари. Бундан ташқари, Наманган Ёшлар марказида партия фаоллари ўртасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган “Қаҳрамонлик – фидойилик ва бурч” мавзусида расмлар танлови, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” мавзусида давра суҳбати, шахмат-шашка ва футбол мусобақалари, ёшлар ҳашари каби тадбирлар ўтказилиши ҳақида айтди.






