Қуролсизланиш масалалари бўйича БМТ вакили Изуми Накамитсу ядроқуролни тарқатмаслик шартномаси-2020 нинг Женевада ўтказилган иккинчи тайёргарлик анжуманида жаҳонда ядроқуролдан фойдаланиш таҳдиди кучаяётганини маълум қилди.
“Жаҳондаги геосиёсий вазият ёмонлашаётгани оқибатида коллектив хавфсизлик шартномалари бузилмоқда. Натижада ядроқуролни қўллаш бўйича халқаро ва бошқа даражада ҳам таҳдид кучаймоқда. Бу таҳдид бутун инсониятга дахлдор бўлиб, токи миллий арсеналларда ядроқурол мавжуд экан, у таҳдидлигича қолаверади” деган у.
Изуми Накамитсунинг фикрича, давлатларнинг ядровий дастурлари модернизация қилиниши ҳам дунёдаги “ядроқуролланиш пойгаси”га сабаб бўлмоқда.
Унинг қайд этишича, бундан буён ядроқуролни назорат қилиш ва ядроқуролсизланиш борасида халқаро музокаралар давом этсада, яқинда инсоният ядро арсеналларини яратиш ва қўллаш бўйича чегараларни йўқотиб қўяди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш SVT телеканалига берган интервьюсида бугун дунё яна совуқ уруш исканжасида эканлиги, бир вақтлардагидек АҚШ ва Россия уни бошқара олмаётгани ҳақида сўзлаб, Хавфсизлик Кенгаши бугунги ҳолати билан халқаро муаммоларга ечим топишда иложсизлигига иқрор бўлган эди.
23.04.2018 13:05
БМТ: Жаҳонда ядроқуролдан фойдаланиш таҳдиди кучаймоқда






