АсосийJamiyat

Бир чоракда 480 ажрим аризаси: кўпми, озми?

'Бир чоракда 480 ажрим аризаси: кўпми, озми?'ning rasmi

Гулистонда “Оила қуриш – ўйинчоқ эмас” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Сирдарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси, прокуратураси, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, имом-хатиблар, ФҲДЁ бўлими мудирлари ва ажрашиш учун ариза берган ёш оилалар иштирок этди.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ў.Абдиев ва бошқалар Президентимиз жорий йил 13 апрель куни Сирдарёга ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда ҳудудда оилавий ажримлар сони ортиб бораётгани, бундай салбий ҳолатлар жамиятнинг мустаҳкам пойдеворига раҳна солиши мумкинлиги ҳақида гапириб, ҳали келинлик чилласи чиқмай, ажрашиш ҳақида ариза бераётган ёшлар кўпайиб бораётганини афсус билан қайд этган эди. Баъзи туман судлари ёшларни яраштириш ўрнига белгиланган муддат якунига етиши билан, ўртадаги фарзанд тақдирини ўйламай, ажрим ҳақида ҳукм чиқараётгани ачинарлидир.

– Дарҳақиқат, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятдаги фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ажрашиш бўйича 480 та ариза тушган, ФҲДЁ бўлимларида яна 90 ариза турибди, – дейди вилоят ҳокими ўринбсари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Ўролова. – Кичик бир вилоят учун бу жуда катта рақамлар эмасми? Биз ёшларнинг ўз хатоларини англаб етиши учун вақт беришимиз, турмушнинг илк зарбасиданоқ ажримга қўл уришига йўл қўймаслигимиз, оила муқаддас тушунча эканини улар онгига сингдирмоғимиз шарт. Ҳар қандай оила ажримига ҳаёт-мамот масаласи деб, қарамоғимиз керак. Энди оила қуришга аҳд қилган ёшлар “Оила масъулияти” курсини ўтаб, оиладаги эр ва хотин маъсулиятини тўла англаб олганидан сўнггина никоҳдан ўтади.

    Бошқа янгиликлар