2017 йил 7 август. Жиноят ишларибўйича Олмазор тумани суд биноси. Очиқ суд мажлисида раислик қилувчи жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси А.Эргашев, халқ маслаҳатчилари Б.Муслимов ва М.Мирхамидовлардан иборат таркибда, туман прокурори ёрдамчиси С.Акилов, судланувчи манфаатларини ҳимоя қилган ҳимоячи А.Халиқов, жабрланувчи К.Даниёрова иштирокида Бахтиёрова Азиза Бахтиёровнага нисбатан1-834/2017-сонли жиноят иши кўриб чиқилди.
У оғир гуноҳга қўл урди!
Судланувчи Азиза Бахтиёрова 2017 йилнинг апрель ойи бошларида Шайхонтоҳур тумани, Гулобод мавзеси, 82-уй, 21 – хонадонга кириб боради. У аввалдан ушбу хонадонга бемалол кириб, чиқиб юргани боис ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди. А.Бахтиёрова ётоқхонадаги сандиқ ичини очиб, Даниёрова Клара Бахтиёровнага тегишли нархи 5.000.000 сўмлик, оғирлиги 25 грамм тилла занжирни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.
Орадан кўп ўтмай нафс қулига айланган қиз яна жиноятга қўл уради. 2017 йилнинг 28 апрель куни у такроран Шайхонтоҳур туман, Гулобод мавзеси, 82-уй, 21-хонадонда ўғирлик қилади. А.Бахтиёрова ётоқхонадаги сандиқ ичини очиб, Дониёрова Клара Бахтиёровнага тегишли, нархи 2.500.000 сўмлик, оғирлиги 15 грамм тилла занжир, нархи 3.200.000 сўмлик марварид кўзли,майда бриллиант тош билан ўралган тилла узук - зирак тўплами, нархи 1.200.000 сўмлик, оғирлиги 7 грамм тилла узукларни ўғирлайди.
«Айбимга иқрорман...»
Судланувчи Азиза Бахтиёрованинг суд мажлисидаги кўргазмасидан:
— Клара Дониёрова холам. Апрель ойининг бошларида мен уларникига бордим. Эшикни тоғам очди. Мен унга кийимим қолиб кетганини айтиб, ичкарига кирдим. Кейин ётоқхонага ўтдим, сандиқни очиб, холамнинг тилла занжирини олдим. Апрель ойи охирларида яна холамникига бордим. Бу сафар ётоқхонадаги сандиқдан оғирлиги 15 граммлик тилла занжир, марварид кўзли ва майда бриллиант тош билан ўралган тилла узук, зирак тўплами, тилла узукларни олиб, уйдан чиқиб кетдим.
Суд мажлисидаги сўроқда судланувчи айбига иқрор бўлиб, холасига етказилган зарар қопланганлиги, жабрланувчидан кечирим сўраганини айтиб, унга енгиллик беришларини сўради.
Жабрланувчи Клара Дониёрованинг суд мажлисидаги кўргазмасига асосан, у 2017 йил, 7 май куни акасининг ётоқхонасида турган ўзига тегишли сандиқни очиб, нарсаларини тахламоқчи бўлади. Сандиқни очиб тилла буюмларини кўздан кечираётганда оғирлиги 25 ва 15 граммлик иккита тилла занжир, марварид кўзли ва майда бриллиант тошли тилла узук, зирак тўплами ҳамда бир қанча тилла узуклари йўқолганини кўради. Ўғирлик содир этилганига гумон қилган аёл ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Тергов жараёнида ўғирликни К.Дониёрованинг жияни А.Бахтиёровасодир этгани аниқланади.
Суд мажлисида К.Дониёрова унга етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги ва судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, кўргазма беради.
Биринчиси авф этилди, аммо...
Суд А.Бахтиёровага жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон экан, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, ёши, иш бўйича жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, жабрланувчиларнинг енгиллик бериш ҳақидаги илтимоси, муқаддам судланмагани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига асосан, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳоланди. Жиноятни ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этганлиги Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасига асосан, жазони оғирлаштирувчи ҳолат, деб топилди.
Суд Азиза Бахтиёровани Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси, 3-қисмининг «а» банди билан айбли, деб топди ва ЖК 57-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. ЖК 62-моддасига асосан, А.Бахтиярованинг 22.07.2017 йилдан 07.08.2017 йилга қадар дастлабки қамоқда сақланган ҳар бир кунини озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштириб ҳисоблаб, узил-кесил ўташ учун 2 (икки) йил 11 (ўн бир) ой 14 (ўн тўрт) кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Халқда шундай мақол бор: «Мис қозоннинг миси чиқар, беркитганнинг иси чиқар». Шуниси аниқ-ки, ўғирликнинг катта ё кичиги бўлмайди ва ушбу жиноят эртами-кечми фош бўлади. Зеро, бировнинг ҳақига кўз олайтирган кимса ҳеч қачон хотиржам ҳаёт кечирмаган!
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати
ҳамда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди судьяси
Акмал Эргашев билан ҳамкорликда тайёрланди.






