АсосийShou-biznes

Тошкент Фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – бахтли болалар мамлакати” фотокўргазмаси очилди

Ушбу кўргазма «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. «Ўзбекистон – бахтли болалар мамлакати» мавзусидаги фотокўргазмадан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда болалар манфаатларини таъминлаш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар мазмун-моҳияти, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг натижалари ҳамда халқимизнинг бунёдкорлик ишларини ёритиб берадиган фотоматериалларни эълон қилишдан иборат.

Кўргазмадан ўрин олган фотоасарларда мамлакатимизда ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда қўлга киритилган оламшумул ютуқлар, ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасида кўрсатилаётган эътибор, ёшларимизнинг нуфузли фан олимпиадалари, санъат фестиваллари, ижодий-интеллектуал танловларда эришган муваффақиятлари таъсирчан, айни дамда ўзига хос ижодий ёндашув асосида ёритиб берилган. Болалар спорти, мусиқа, тасвирий санъатни ривожлантириш, қад ростлаётган янги-янги спорт-соғломлаштириш мажмуалари, мактаблар, болалар ижодиёти марказлари, миллатимиз генофондини янада соғломлаштириш, жамиятимизда кечаётган маънавий янгиланиш жараёнлари акс эттирилган фотосуратларга ҳам кенг ўрин берилган.

Бу ерда Рустам Шарипов, Абдуғани Жумаев, Константин Минайченко, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев, Отабек Мирсоатов, Ёлқин Шамсиддинов, Жамшид Норқобилов, Фарҳод Абдурасулов, Мақсад Ҳабибуллаев, Ҳасан Пайдоев каби фотоижодкорларнинг ишларидан намуналар томошабинлар эътиборига ҳавола этилган.

Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида ушбу фотокўргазма Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда намойиш этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради. 

    Бошқа янгиликлар