Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Қумқўғон туманида ўқитувчи ўзини ёқиб юбормоқчи бўлгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Муносабатда билдирилишича, мазкур мактаб Арпапоя маҳалласида жойлашган бўлиб, у ерда 2010 йилдан 2025 йил 16 сентябргача З.A. директор лавозимида ишлаган. Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2025 йил 16 сентябрдаги буйруғи билан З.A. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ бекор қилинган.
Шундан сўнг собиқ директор янги раҳбар фаолиятини бошлашига қаршилик кўрсатган. 2025 йил 13 октябрь куни мактабда тайинлов ҳужжатлари топширилиши чоғида З.A. томонидан фаол қаршилик бўлган, бироқ ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Бошқарма қарорига кўра, 39-сонли мактаб раҳбарлигига тегишли тартибда Э.A. тайинланган. Бугунги кунда мактабда ўқув жараёни барқарор ҳолатда давом этмоқда.






